Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари 2022 йилда Ўзбекистонга цитрус мевалар, кешью ёнғоғи ва хурмо импорти 2018 йилдагига қараганда сезиларли даражада ошганини маълум қилди.

Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлган.

  • Республика иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва аҳоли сонининг ортиши. 2018−2022 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиш суръати 5,3 фоизни, аҳоли сонининг ўсиш суръати эса 1,9 фоизни ташкил этди.
  • Қулай макроиқтисодий шароит. Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига улуши 2018 йилдаги 1604 доллардан 2022 йилда 2255 долларга кўтарилди. Бу эса, ўз навбатида, 2018−2022 йилларда аҳоли реал умумий даромадларининг 32,1 фоиз ошишига сабаб бўлган.
  • Импорт божхона тўловларини нолга тушириш. Жумладан, 2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда цитрус меваларни олиб киришда ноль божхона ставкаси тартиби жорий қилинди ва бу муддат бир неча бор узайтирилди. Сўнгги бор ноль ставка 2024 йилнинг 1 январигача узайтирилган.
  • Озиқ-овқат чакана савдоси ривожланиши. Маркетинг тадқиқотларига кўра, 2015−2021 йилларда республиканинг замонавий чакана савдо бозори йилига ўртача 17 фоизга ўсган. Савдо ҳажмининг 58 фоиздан ортиғи чакана озиқ-овқат савдосининг улушига тўғри келган. 2026 йилга бориб, Ўзбекистон бозоридаги замонавий чакана савдонинг улуши деярли икки баробар ошиши мумкин.

2022 йилда цитрус мевалар ва ёнғоқлар импорти ҳажми 2018 йилдагига нисбатан қуйидагича ошган:

  • кешью ёнғоғи — 8,2 баробар;
  • хурмо — 7,6 баробар;
  • мандарин — 6,6 баробар;
  • киви — 4,7 баробар;
  • апельсин — 3,9 баробар.

МҲТИ бу маҳсулотларнинг фойдали жиҳатлари бўйича бир қатор тадқиқотлар натижаларини ҳам илова қилган.

Жумладан, Гарвард университети Жамоатчилик соғлиғини сақлаш мактаби тадқиқотига кўра, цитрус мевалар саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Уларнинг таркибида С витамини, шунингдек, юрак қон-томир тизимига ижобий таъсир кўрсатадиган ва сурункали юрак ва қон-томир касалликларининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи флавоноидлар катта миқдорда мавжуд.

Кешью ёнғоғи мис ва магнийга бой бўлиб, суяк мустаҳкамлигини оширади.

Хурмо таркибида кўп миқдорда полифеноллар (антиоксидантнинг бир тури) мавжуд бўлиб, улар танани саратоннинг айрим турларидан, шунингдек, диабет ва юрак қон-томир касалликларидан ҳимоя қилади.