Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, кинорежиссёр Хайрулла Жўраев 78 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Кинематография агентлиги матбуот хизмати.

У 1945 йилда Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган. Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида режиссёр, муҳаррир, бош муҳаррир, «Видеофильм» марказининг директори бўлиб бошлаган.

1990−1992 йилларда президент девонида масъул ходим, 1992−1993 йилларда Давлат кинокомпаниясининг раиси, 1993−1996 йилларда президентнинг давлат маслаҳатчиси, 1996 йилларда маданият ишлари вазири сифатида ишлаган.

Хайрулла Жўраев «Аҳматовлар оиласи», «Абдуманнон Умаров», «Абдулла Қодирий», «Ҳамид Олимжон» каби қисқаметражли, «Фуқаро», «Барча фазилатлар сенда мужассам», «Афғонистон, 85-йил кузи», «Икки миллион таниш чеҳра» каби тўла метражли фильмлар яратган.

Марҳум 2000 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.