Эмлаш қамрови камайгани сабабли бутун дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланганлар ва ундан ўлимлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳисоботида сўз боради.

2022 йилда қизамиқ билан касалланиш 2021 йилга нисбатан 18 фоизга, ўлим даражаси 43 фоизга ошган. Умуман олганда, дунё бўйлаб касалланганлар сони 9 миллион кишига, вафот этганлар сони эса 136 минг кишига етган, дея баҳоланмоқда, уларнинг аксарияти болалардир, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларига кўра, касалликнинг кенг кўламда тарқалиши ва авж олиши 2022 йилда 37 та давлатда кузатилган, ундан олдинги йилда эса рақамлар 22 тани ташкил этган.

«Қизамиқ эпидемияси ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши ҳайратланарли, аммо, афсуски, сўнгги йилларда биз кузатаётган эмлаш даражасининг пасайишини ҳисобга олсак, кутилмаган ҳолат эмас», — деди Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг глобал эмлаш бўлими директори Жон Вертефей.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, қизамиққа қарши икки дозали вакцина ёрдамида унинг олдини олиш мумкин. 2022 йилда вакцинанинг биринчи дозаси билан глобал қамраб олиш 83% ни ташкил этди, бу аҳолини эпидемиялардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган 95% дан анча кам.

«Энг кам эмлаш кўрсаткичлари 66% бўлиб, қизамиқдан ўлим хавфи юқори бўлган кам даромадли мамлакатларда қайд этилишда давом этмоқда. Бу мамлакатларда эмлаш кўрсаткичлари пандемия даврида пасайганидан кейин қайта кўтарилмади», — дейилади ҳисоботда.