Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Термиз шаҳрида барпо этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасини бориб кўрди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

2 гектар майдондаги биноларда жами 42 та лойиҳа жойлаштирилган. Улар қурилиш материаллари, кимё ва нефть-кимё, мебелсозлик, озиқ-овқат, тўқимачилик саноатига тааллуқли. Биноларни харид қилиш, ускуналар олиб келиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари орқали ажратилади. Барча корхоналар ишга тушгач, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилиши таъкидланди.

Давлат раҳбари у ерда жойлаштирилган корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди. Улардан бири анор шарбатини қадоқлаб, қўшни давлатларга экспорт қилмоқда. Яна бири кийим ва гилам тўқишни йўлга қўйиб, хотин-қизларни иш билан таъминлаган.

Президент бундай саноат зоналарини вилоятнинг ҳар бир туманида барпо этиш, маҳаллаларда ҳунармандчилик, касаначиликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Сурхондарёда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиш, бунга 50 миллион доллар маблағ ажратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

ёшлар, спорт, сурхондарё вилояти, шавкат мирзиёев

«Бугунги тадбиркор ёшлар — янги Ўзбекистон маҳсули. Уларнинг билими ҳам, интилиши ҳам янгича. Шунинг учун саноат зоналарини ёшларнинг ўзига бериш керак. Бу туманлар учун тайёр „лойиҳалар фабрикаси“ бўлади. Мутасаддилар фақат корхоналарни инновацияга ўтказишга, бозорга чиқишга кўмаклашиши керак. Бунда асосийси — таннарх, сифат, рақобат», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ташриф давомида вилоят ёшларининг спортга қобилияти зўрлиги, лекин улар шуғулланаётган спорт турлари чекланиб қолгани қайд этилди. Шунинг учун Сурхондарё ёшларини спортга жалб қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Бу мақсадларга 30 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. «Учқизил» сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш базаси ташкил қилинади.

ёшлар, спорт, сурхондарё вилояти, шавкат мирзиёев

Сурхондарё вилоятида қиймати 4 миллиард 600 миллион долларлик 82 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг 4 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция. Энергетика, кимё, тоғ-кон, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва бошқа саноат тармоқларидаги бу лойиҳаларда қўшимча қийматли маҳсулотлар, ўн минглаб иш ўрни яратилиши қайд этилди.