16 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясининг навбатдаги ялпи мажлисида иштирок этиш учун Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрига борди.

Танзила Нарбаева ташриф доирасида Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди. Қайд этилишича, мавжуд муносабатларни амалий ҳаракатлар билан янада бойитиш масалалари муҳокама қилинди.

танзила нарбаева

Бунда Ўзбекистон ва Қозоғистон Сенатлари ўртасидаги парламентлараро комиссия фаолияти самарадорлигини ошириш, хусусан Комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва унинг доирасида икки давлат парламентлари ўртасида янги «Йўл харитаси»ни имзолаш таклифи илгари сурилди.

Маулен Ашимбаев Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги етакчилигини алоҳида таъкидлаб, мамлакатни барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси фаолиятини юқори баҳолади. Қозоғистон парламентида ҳам ҳудди шундай комиссия фаолият бошлагани, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг тажрибаси муҳимлигини қайд этди.

Халқаро парламент тузилмалари, шунингдек, бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар доирасида қўшма ташаббусларни илгари суриш, ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Учрашув якунида мамлакатлар ва қардош халқлар ўртасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив тарзда ривожланиб бориши, бунда парламентлараро мулоқотни янада фаол давом эттирилишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, 16 ноябрь куни Танзила Нарбаева Бишкек шаҳрида Беларус Миллий Мажлиси Кенгаши раиси Наталя Кочанова билан ҳам учрашди. Ўзбекистон ва Беларус етакчиларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч ва дўстона муҳитда ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.

Мулоқот давомида президентлар томонидан олий даражада эришилган барча келишувларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда парламентларнинг фаоллигини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди. Музокарада икки давлат ўртасида парламентлараро мулоқотни самарали давом эттириш масалаларига эътибор қаратилди.

танзила нарбаева

Ҳудудларни ривожлантириш, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.

Шунингдек, мамлакатлар ўртасида юқори даражада эришилган келишувларнинг ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошириши зарурлигига тўхталинди.

Бундан ташқари. 16 ноябрь куни Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Бишкек шаҳрида Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ташкил этилганининг 85 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди.

Унда Қирғизистон парламенти тарихи бутун қирғиз халқининг тарихи билан чамбарчас боғлиқ экани, коллегиал орган сифатида барча муҳим масалаларга халқ билан маслаҳатлашган холда ёндашиб келаётгани қайд этилди. Бугунги кунда Жогорку Кенеш аҳолининг турли қатламларининг фикрларини билдириш учун миллий платформага айлангани таъкидланди.

Конференцияда МДҲга аъзо давлатлар парламентлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, қирғиз халқини ва Қирғизистон Жогорку Кенеши депутатларини Жогорку Кенеш ташкил этилганининг 85 йиллиги билан қутлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ўз сўзида икки мамлакат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ўзбек-қирғиз муносабатларини янги босқичга олиб чиққанини, бу ўз навбатида парламентлараро алоқаларнинг янада самарали бўлишига хизмат қилаётганини айтиб ўтди.

Шунингдек, Танзила Нарбаева Қирғизистон эришаётган ютуқларда мамлакат парламенти фаол роль ўйнаётганини, демократик тамойиллар асосида муҳим қонунларни самарали ишлаб чиқиб, қабул қилаётганини, очиқ жамият қуриш ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этаётганини, шунингдек, минтақа ва хорижий давлатлар билан фаол парламент дипломатиясини олиб бораётганини алоҳида қайд этди.