16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар унутиб қолдирган юклар сотилиши билан боғлиқ хайрия акцияси ўтказилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Хабарларда аэропорт ўз омборидаги йўқолган юкларни ичидаги турли хил нарсалари билан биргаликда 26 минг сўмдан сотаётгани, республика бўйлаб етказиб бериш хизмати мавжудлиги ёзилган.

uzbekistan airports

Uzbekistan Airports компанияси ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигинии билдирди, шунингдек, ёлғон маълумотларга ишонмасликка ва фирибгарларга пул ўтказмасликка чақирди.

«Ўзбекистоннинг 11 та халқаро аэропортларидан бирортаси, шунингдек, UzCargo ва Uzbekistan Airports Handling шўба корхоналари томонидан йўловчиларнинг унутилган юклари сотилмайди ва учинчи шахсларга топширилмайди», — дейилади хабарда.

Таъкиланишича, барча йўқолган юклар аэропорт омборларида 3 ой мобайнида сақланади ва сақлаш муддати тугаши билан утилизация қилинади.