Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Индонезияда ўтаётган U-17 жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг учинчи учрашувида Испания билан дуранг ўйнади. 16 ноябрь куни Индонезиянинг Суракарта шаҳрида бўлиб ўтган учрашув 2:2 ҳисобида якунланди.

Ўзбекистон терма жамоаси дастлаб иккита тезкор гол ўтказиб юборди. Биринчи бўлиб, 10-дақиқада ҳужумчи Игор Оёно ҳисобни очган бўлса, орадан 9 дақиқа ўтиб ярим ҳимоячи Роберто Мартин яна гол урди.

Биринчи бўлимнинг қўшиб берилган қисмида, яъни 45+4ʼ дақиқада ярим ҳимоячи Беҳруз Шукуруллаев фарқни қисқартирди. Иккинчи бўлим бошида (53ʼ) дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров ўнг қанотдан тўпни Беҳрузхон Каримовга йўллади, у ҳужумчи Амирбек Саидовга қойилмақом узатмани амалга оширди ва Саидов дарвозабон билан бирга-бир вазиятда гол уришга муваффақ бўлди.

Қолган вақтларда ҳар икки жамоада ҳам олдинга чиқиб олиш имконияти юзага келган бўлса-да, якунда дуранг ҳисоб сақланиб қолди.

жаҳон чемпионати u-17, футбол

Шу тариқа, 4 очко билан Ўзбекистон «B» гуруҳида Испания (7 очко) ва Мали (6 очко)дан кейин учинчи ўринни эгаллади. Бунгача ёшлар терма жамоаси Малига 0:3 ҳисобида ютқазган, Канадани эса 3:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа ва учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичига йўл олади. Ўзбекистон ана шу энг яхши 3-ўрин эгалларидан бири сифатида мусобақанинг play-off босқичига йўл олди.

Ўйин статистикаси

жаҳон чемпионати u-17, футбол

Видео

Фото