Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йил 3-чорагида мониторинг қилинган 93 та вазирлик, идора ва ҳокимлик очиқликка оид қонунчилик бўйича умумий 52 фоиз самарадорлик қайд этганини аниқлади. Бу бўйича агентлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Мониторингда 93 та вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (21 та вазирлик, 7 та қўмита, 11 та агентлик, 7 та марказий муассаса, 13 та ҳокимлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 23 та давлат улуши мавжуд ташкилот ва 10 та банк) фаолияти мобайнида президентнинг 6247-сонли фармонида белгиланган ижтимоий аҳамиятга молик 35 та тоифадаги маълумотларни эълон қилиш даражаси ўрганилган.

Мазкур ташкилотлар жами эълон қилиниши лозим бўлган 1103 та маълумотдан 577 тасини очиқлаган. Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилиш даражаси 8 та давлат органи фаолиятида 100 фоиз, 11 тасида 80 фоиздан юқори, 23 тасида 50 фоиздан юқори ва 51 тасида 50 фоиздан паст натижани кўрсатган.

Шунингдек, идоралар кесимида ижро самарадорлиги вазирликлар фаолиятида 66 фоизни, қўмиталарда 56 фоизни, агентликларда 54 фоизни, ҳокимликларда 56 фоизни, давлат улуши мавжуд ташкилотларда 43 фоизни, банкларда 32 фоизни ва марказий муассасаларда 31 фоизни ташкил этган.

Таҳлилларга кўра, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ эълон қилиш даражаси бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич марказий муассасалар, давлат улуши мавжуд ташкилотлар ва банклар ҳиссасига тўғри келади. Мониторинг жараёнида аниқланишича, давлат органлари томонидан аксарият ҳолларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг харажатларига оид маълумотларни очиқ эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Жумладан, давлат органлари фаолиятидаги давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар 47 фоиз, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари 44 фоиз, хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар 59 фоиз, харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 42 фоиз кўрсаткичларда эълон қилинган.

Ўрганиш якунига кўра, агентлик томонидан 23 та давлат органлари ва ташкилотларига очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритилди.