Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган 20 нафар ёшлар медиасаводхонлик соҳасидаги билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган Media Plus лойиҳасини тамомлади. Лойиҳа Тошкент шаҳри «Sharoit Plus» ногиронлар жамоат бирлашмаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. «Газета.uz» ушбу ижтимоий лойиҳани қўллаб-қувватлади ва бир нечта семинарларни ўтказишда таҳририятдан спикерлар иштирок этди.

Лойиҳа ҳақида

Мазкур лойиҳа ногиронлиги бўлган ёшлар учун мўлжалланган бўлиб, курсларда иштирок этиш бепул. Лойиҳанинг илк мавсумига 18 ёшга тўлган шахслар танлов асосида 2 гуруҳ: ўзбек ва рус гуруҳларига қабул қилинди. Улар 2 ой давомида медиа соҳаси ва унинг турлари ҳақидаги билимларни олди. Лойиҳа медиа соҳасида фаолият кўрсатаётган ногиронлиги бўлган ёш мутахассислар жамиятини яратиш йўлида ишончли қадам бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Унда иштирокчилар медиа соҳаси ва унинг турлари, фактчекинг, фотожурналистика, матнлар билан ишлаш, соҳадаги замонавий трендлар ва бошқа соҳага оид мавзулар бўйича таҳсил олди. Келгусида бошқа йўналишлар ҳам қўшилиши мумкин.

«Журналистика ва блогерлик Ўзбекистон жамияти томонидан ногиронликни тушунишнинг ижтимоий моделига ўтиш учун ажойиб воситадир», — дея таъкидлади ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова.

Лойиҳа координатори Мафтуна Усманова ёлғон хабарлар ва ахборот манипуляцияси авжига чиққан даврда иштирокчилар ахборотни фильтрлаш ва таҳлил қилишни, ресурслар ва расмий ахборот каналлари билан ишлашни, уларни тўғри, холисона тақдим этишни ўрганишини айтиб ўтди.

Лойиҳани давом эттириш режалаштирилмоқда.