Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида енгил атлетиканинг ярим марафон йўналиши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди, уни Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2 та кумуш медаль билан якунлади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Яккалик йўналишида 1 соат 13 дақиқа 29 сония натижа қайд этган Ситора Ҳамидова 5 йил аввал ўзи ўрнатган Ўзбекистон рекордини янгилашга эришди. Бу унга кумуш медални тақдим қилди.

Олтин медаль Япония, бронза медали эса Қирғизистон терма жамоаси аъзосига насиб этди.

Шунингдек, уч нафар спортчининг умумий ҳисобдаги 3:46:08 натижаси жамоавий дастурда кумуш медалларни тақдим қилди. Ушбу йўналишда Қирғизистон жамоаси олтин, Ҳиндистон эса бронза медалига сазовор бўлди.