Қозоғистон ўзининг ғарбий вилоятларини Ўзбекистон билан боғлаш учун Бейнеу-Шалкар автомобиль йўлини қуради. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитидаги чиқиши чоғида маълум қилди.

Бу йўл TRACECA (Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлаги) йўл коридорини шакллантиришни якунлашга хизмат қилади. Смоиловнинг қайд этишича, минтақада транспорт алоқасини ривожлантириш муҳим, чунки ИҲТга аъзо 10 та давлатдан 7 тасида океанга чиқиш имкони йўқ.

«Бугунги кунда Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (ТМТР ёки Ўрта коридор) ривожлантиришга аҳамият бериб, инфратузилма ва логистика лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда. Ўз салоҳиятини ошириш мақсадида Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия бир вақтнинг ўзида тўсиқларни бартараф этиш ва 2027 йилгача Ўрта коридорни ривожлантириш бўйича йўл хариталарини амалга оширмоқда», — деди Смаилов.

«Бу йўналишнинг ўтказиш қобилиятини сезиларли даражада оширади. Биз Каспий денгизидаги денгиз портларимиз салоҳиятини ҳам фаол равишда оширмоқдамиз. Ақтау портида контейнер хаби, Курик портида эса кўп функцияли терминал қурилади. Марказий Осиё давлатлари учун Хитой билан ўтиш пунктларида алоҳида станция йўлларини қуриш режалаштирилган. Биз бу йўналишда юк ташиш ҳажмини тизимли равишда ошириб, 2030 йилга бориб йилига 500 минг контейнерга етказмоқчимиз», — дея қўшимча қилди у.

TRACECA йўлаги савдо-иқтисодий ривожланишнинг босқичма-босқич ривожланаётган тенденцияларида иштирок этади. Йўлак орқали ўтадиган асосий транспорт оқимлари, бир томондан, Ғарбий ва Марказий Европада, иккинчи томондан, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда шаклланади.

Ўрта йўлак Осиё ва Европани боғловчи транспорт ва савдо йўли бўлиб, минтақанинг бир қанча давлатларидан ўтади. Бу анъанавий Шимолий ва Жанубий йўлакларга муқобил йўлдир. Йўналиш Хитойдан бошланиб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон каби Марказий Осиё давлатларини кесиб ўтади. Кейин Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европага етиб боради.

Ўрта йўлак узоқроқ денгиз йўлларини четлаб ўтиб, Осиёнинг шарқий қисмларини, жумладан, Хитойни Европа билан боғлайдиган қуруқлик йўлини таклиф этади.