Давлат хавфсизлик хизмати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ҳудудларда ер майдонларини ноқонуний тарзда сотиш ҳолатларига чек қўйди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Хусусан, Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани филиали ходими ва 42 ёшли шахс деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога тумандаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли 17 гектар ер майдонини ижарага олиб беришни айтган. Бунинг эвазига 15 минг доллар талаб қилишган. Бироқ улар сўралган пул маблағини олган вақтларида қўлга олинган.

Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи шахс алдов ўзгага туман ҳокимлиги захирасида бўлган 55 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали олиб беришини билдирган.

Эвазига 55 минг доллар талаб қилган. У ҳам сўралган пул маблағидан 11 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фарғона вилояти Фарғона туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс боғдорчиликка ихтисосолашган фермер хўжаликгининг 13 гектар ер майдонини харидорга 20 минг долларига сотишга келишган.

Шунингдек, ҳокимиятдаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришини айтган. Аммо олдиндан 10 минг доллари олган вақтида қўлга олинган.

Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги деҳқон хўжалик раҳбари туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан деҳқон хўжалиги ташкил этиш ҳамда вақтинча фойдаланиш учун ажратилган 2 гектар ер майдонини харидорга 300 млн сўмга сотишга келишган.

Хўжалик раҳбари талаб қилинган пул маблағидан 8200 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.