10 ноябрь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда суд-тиббий экспертизасида иштирок этган шифокор мутахассислар, шунингдек, беш нафар жабрланувчи кўрсатма берди. «Газета.uz» жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини матнга туширди.

Қайд этиш жоиз, жабрланувчилар билан мулоқотга киришишдан аввал судья ва ҳар бир адвокат уларга ҳамдардлик билдириб, Худодан сабр сўради. Суд жараёнида саволларга имкон қадар оғир-вазмин жавоб бериш илтимос қилинди.

Жабрланувчи Муштарий Носированинг кўрсатмаси

Жабрланувчи Муштарий Носирова 1998 йил Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган. Унинг 2020 йил 21 октябрда туғилган ёлғиз фарзанди — Сабия Носирова 2022 йил декабрь ойида шамоллашдан даволаниш учун дори ичгач, аҳволи оғирлашиб, вафот этган. Жабрланувчи айни вақтда Тожикистонда бўлгани боис судда онлайн кўрсатма берди.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Оилангиз бор-а?

Жабрланувчи: Бор.

Судья: Нечта фарзандингиз бор?

Жабрланувчи: Фарзандим йўқ (шундай деб йиғлаб юборди — таҳр.).

Қизим Сабия Носирова 2020 йил 21 октябрда Москвада туғилган. Кейин Ўзбекистонга келиб, бир йил юрдик. Бу ернинг ҳавоси ёқмадими, грипп бўлиб қолиб, йўталаверди. Дорихонага бориб, «қизим йўталяпти, грипп бўлди» деб шу дори [Док-1 Макс]ни сўрасам, сиропини берди. Ўзим ҳам шамоллаб қолганимни айтсам, таблеткасини берди. Таблеткани ичдим, менга ҳеч нарса қилмади, қизим сиропни ичиб, қусаверди-қусаверди (жабрланувчи яна йиғлади — таҳр.).

Нега бундай бўляпти, деб ўйладим. Мен ҳеч қачон касалхона нималигини билмаганман, кўрмаганман ҳам. Касалхонага бормадим, ўзим бепарво бўлдимми, билмадим. Болам сиймай қўйди. Кейин Андижондаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордим. Дўхтир «оғзи оғриб, йиринглаб, стоматит бўлиб кетибди, касалхонага ётинглар», деб ёзиб берди.

«Анализ» топширдик. Бир кун ётдик, сиймади. Иккинчи кун ҳам сиймаганидан кейин (жабрланувчи яна йиғлаб юборди — таҳр.), «мен эътибор бермабман, „Док-1 Макс“ ичганди, шунданмикан?» дедим. Дўхтирлар келди, текширди. «Йўқ, ҳеч нарса [бўлгани] йўқ», деди. Мен дод деб ўзим бепарво бўлганимни [бир нима бўлганини] айтдим, дўхтирлар қарамади.

Кейин Андижондаги касалхонага олиб боришди, ундан юқумли касалликлар шифохонасига борсин дейишди, кейин дўхтирлар келди. 25−26 декабрда уёққа ўтдик… Уч кун диализ қилди. 20 кун касалхонада ётди [кейин ўтиб қолди], бўлди, шу.

Судья: Сизга «Док-1 Макс»ни ким тавсия қилди?

Жабрланувчи: Ҳеч ким тавсия қилмади. Дорихонага ўзим бордим.

Судья: Тергов жараёнида «Мирзоҳид исмли танишим тавсия қилди», деб кўрсатма бергансиз-да.

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Мирзоҳид исмли танишингиз борми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: У ким ўзи, дорихоначими, дўхтирми?

Жабрланувчи: Ҳеч ким. Шунчаки танишим. Шу айтган, кейин бориб олганман.

Судья: Сиз «Док-1 Макс» ичирдингизми, «Амбронол»ми?

Жабрланувчи: Иккаласини ҳам.

Судья: Нимага «Док-1 Макс» билан «Амбронол» ичиряпсиз? «Амбронол»ни ким тавсия қилди.

Жабрланувчи: «Амбронол»ни ўзим олганман.

Судья: Сиз ҳозир Тожикистонга яшаш учун кетдингизми?

Жабрланувчи: Йўқ, ҳужжатларимни тайёрлаш учун.

Судья: Тожикистонга турмушга чиқиб кетмадингизми мабодо?

Жабрланувчи: Турмушга чиқдим, лекин бу ерда яшамаймиз. Ўзбекистонда яшаймиз.

Судья: Дорини неча маҳал, қанча дозада бергансиз?

Жабрланувчи: «Док-1 Макс»ни уч маҳал, бир қопқоқдан берганман. Ширинмиди-ей, аччиқмиди-ей, эсимда йўқ. Тагида озгина қолган экан, қизим вафот этгач, қолганини ўзим ичвордим.

Прокурор: Кимга қандай даъвонгиз бор?

Жабрланувчи: Мен сизларни ҳар доим кузатиб бораман. Бир йил кутдим, чақиришмади. Москвага кетаман дедим, кетолмадим. Лекин иложи йўқ, Ўзбекистонда тургим келмади, бу ёққа [Тожикистонга] келдим. Энди бир ҳафта бўлганди. Ўзбекистонда ўлим жазоси йўқ экан (шундай деб жабрланувчи яна йиғлаб юборди — таҳр.). Шулар умрбод қолмасин. Болаларига ўлим тиламайман. Чунки билдим — фарзанд доғи жуда ёмон. Уларнинг болалари етим қолсин, отаси, онаси, ҳаммаси қамоқда чирисин.

Прокурор: Моддий даъвонгиз борми, йўқми?

Жабрланувчи: Йўқ.

Адвокатлардан бири: Болангизга дорини қопқоқчасида ичирганингизни айтдингиз. «Коробка»дан чиқадиган қопқоқчада ичирганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Неча маҳал бергансиз?

Жабрланувчи: Доимий бермаганман. Бир кун уч маҳал берганман, бир кун эсимдан чиқиб қолган. Индинига икки маҳал берганман.

Адвокат: Дори беришдан олдин унинг йўриқномасини ўқиганмидингиз?

Жабрланувчи: Йўқ.

Адвокат: Демак, қанча миқдорда бериш ҳақида маълумотга эга бўлмай, ўзингиз [чамалаб] бергансиз, шундайми?

Жабрланувчи: Ҳа. Дорихоначидан сўраганимда уч маҳал деган.

Адвокат: Уч маҳал ҳам ҳар сафар ўша қопқоқчада тўлдириб бергансиз-а?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Бундай савол берганимнинг боиси, «Док-1 Макс» билан «Амбронол»нинг йўриқномасида уларни қанча миқдорда бериш кераклиги кўрсатилган-да. Демак, сизнинг бундан хабарингиз бўлмаган экан. Тушунарли, раҳмат.

Бошқа адвокат: Охирида «Док-1 Макс»ни ўзим ичиб юборганман, дедингиз. Қанча миқдорда эди?

Жабрланувчи «Док-1 Макс»нинг фарзандидан қолган қисмини ўзи ичиб юборганини айтган эди. Кейинроқ адвокатлар билан савол-жавобда адашганини, ичиб юборган дориси «Амбронол» бўлганини таъкидлади.

Жабрланувчи: Ўзи ҳеч нарса қолмаганди.

Адвокат: Шунда «Док-1 Макс»ни [аввал] қизингизга бердингиз ва [кейин] ўзингиз ичиб тугатдингиз-а?

Жабрланувчи: Йўқ, мен «Амбронол»ни ичган эканман. Чунки «Док-1 Макс»ни ўзимизнинг мелисахонага топширганман.

Адвокат: «Амбронол»ни қизингизга ҳам берганмисиз?

Жабрланувчи: Биринчи «Док-1 Макс»ни берганман, кейин — гриппи тўхтамагач, «Амбронол»ни берганман. 11 январда, қизим вафот этганидан кейин, уйга келиб, ["Амбронол»нинг] ҳаммасини ичганман.

Адвокат: Шунда «Док-1 Макс» билан «Амбронол»ни тахминан неча кундан ичиргансиз?

Жабрланувчи: Бирин-кетин берганман.

Адвокат: Демак, аввал «Док-1 Макс»ни, кейин «Амбронол»ни ичиргансиз.

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: «Амбрoнол»ни ҳам деярли ҳаммасини ичиргансиз. Охирида қолган озгина қисмини ўзингиз ичиб тугатгансиз. Шундайми?

Жабрланувчи: Ҳа, шундай.

Адвокат: «Амбронол»нинг идиши ҳозир қаерда, билмайсизми?

Жабрланувчи: Вой, йўқ.

Адвокат: «Амбронол»нинг идишини тасвирлаб бера оласизми?

Жабрланувчи: Оқ, спирт идишига ўхшаган идишда эди.

Бошқа адвокат: Терговда кўрсатилишича, қизингизда касаллик симптомлари 9−10 декабрда кўринган. Шифохонага нечанчи санада ётқизгансиз?

Жабрланувчи: 21 декабрь куни борганмиз.

Адвокат: «Док-1 Макс»ни неча кун ичиряпсиз?

Жабрланувчи: Уч кун.

Адвокат: Уч кундан кейин «Амбронол» ҳам ичиряпсизми?

Жабрланувчи: Ҳа. Уни ["Док-1 Макс»ни] ҳам қанақа берганман — бир кун ичган, эртасига ичмаган, индинига яна ичган.

Адвокат: Календарь куни бўйича уч кун ["Док-1 Макс"] берилган бўлса, касалликнинг 4−5 кунида «Амбронол» ичиряпсиз, шундайми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Тергов кўрсатмаларини тўғри тушунган бўлсам, «Амбронол»ни ҳам сизга сотувчи тавсия қиляпти, шундайми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Неча кун ичирдингиз?

Жабрланувчи: 3−4 кун, шекилли.

Адвокат: «Док-1 Макс» ичирилган кунлар билан қўшсак, саккиз, узоғи тўққиз кун бўляпти.

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: 21 декабргача қизингиз уйда даволаняпти. Шу орада уни шифокорга кўрсатмадингизми?

Жабрланувчи: Йўқ, мен шифокорга кўрсатмайман. Ўзи мен ёшлигимдан дўхтирга бормаганман. Бир марта «грижа» бўлиб қолганимда докторга ётгандим. Қолаверса, ўзим уколдан қўрқаман. Болам ҳам укол олмайди дедим, [докторга] бормадик. Кейин қусаверди, қусаверди.

Адвокат: Узр, Муштарийхон, бир нарсани тушунинг-да: фарзандингиз туғиляпти, Ўзбекистонда бола саломатлигига доир қонунчилик бор. Унга кўра, сизнинг ҳудудий участка врачингиз болангизни рўйхатга қўйиши керак. Турли эмланмалари бор, 6 ёшгача тўлгунчами болани назоратда ушлаб туради. Бу учун масъул бўлган участкага наҳот мурожаат қилмагансиз? Наҳот қизингизда тиббиёт картаси мавжуд бўлмаса?

Жабрланувчи: Йўқ, мен Тошкентга кетганимдан кейин Шоҳиста опам Андижон шаҳридаги участкага олиб чиққан. Оддий-оддий нарсаларни ёзиб берган, шуларни олиб бериб даволаётган бўлган.

Адвокат: Муштарийхон, сиз ўзингиз қайси тумандан эдингиз?

Жабрланувчи: Жалақудуқ.

Адвокат: Шоҳиста опангиз Андижон шаҳрида яшайди. Сиз Жалақудуқда «прописка»да тургансиз. Бола ҳам Жалақудуқдаги участка врачида ҳисобда туриб, тиббий муолажаларни олиб турган бўлиши, назоратда бўлган бўлиши керак. Ўша Жалақудуқдаги тегишли врачингизни вазиятдан бохабар қилдингизми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Хўп. «Амбронол»ни 3−4 кун болангизга ичиряпсиз-да, қолган-қутганини ўзингиз ичиб юборишингизга сабаб нима, синглим?

Жабрланувчи: Болам шундан ўлганини билдим. Менам боламнинг орқасидан шундан ўлгим келди. Қишда, совуқда.

Адвокат: Демак, болага дастлабки симптомларда тиббиёт ходимлари ташхис қўймаган. Боя айтган Мирзоҳидингиз тиббиёт ходими эмас. Ўзингизнинг ҳам маълумотингиз ўрта-махсус. Қайси коллежни битиргансиз, синглим?

Жабрланувчи: Тикувчилик соҳаси бўйича.

Адвокат: Терговда шифокорга олиб борганингизда биринчи куни шифокорлар бефарқ бўлганини айтяпсиз-да, қайсидир танишингиз жанжал қилгандан кейин шаҳар марказий шифохонасига фарзандингизни олиб кетишгани ҳақида кўрсатма бергансиз, тўғрими?

Жабрланувчи: Ҳа, шеригим шундай қилган. Биринчи марта юқумли касалликлар шифохонасига борганимда, «Вой, мана бунақа бўлибди, мен ҳам „Док-1 Макс“ ичирувдим» десам, у «Док-1 Макс» воқеасини мендан олдин эшитган экан, «Вой, нимага бепарво бўляпсиз?» [деганди]. Мен у одамни танимайман, шунчаки у ҳам касалхонада ётган шеригим эди.

Адвокат: «Док-1 Макс»ни сотиб олган дорихонангизни терговчиларга кўрсатдингизми?

Жабрланувчи: Йўқ.

Адвокат: Терговга кўра, «Док-1 Макс» билан «Амбронол»ни алоҳида-алоҳида дорихонадан олгансиз. Ўзбекистонга қайтаман деяпсиз. Қайтганда шуларнинг манзилини суд котибига ташлаб бера оласизми? Эҳтимол, улар сиропларнинг бошқаси [қалбакиси] бўлгандир. Буни ҳам истисно қилиб бўлмайди-да.

Жабрланувчи: Ташлаб бераман. Мен [суд бугун бўлишини] кеча билдим. Агар эртага бўлганда, учиб борардим, ўзим қатнашардим.

Жабрланувчи Ҳабибулло Йўлдошев кўрсатмаси

Ҳабибулло Йўлдошев 1981 йил Наманган шаҳрида туғилган. Ҳозирда Самарқандда яшайди. 2022 йил декабрь ойида эндигина 5,5 ойлик бўлган Фотима-Зуҳра исмли эгизак қизларининг кичиги — Зуҳра шамоллашдан тузалиш учун бир неча дори воситаларини ичгач, аҳволи оғирлашиб, вафот этган.

Жабрланувчи: Эгизакларимнинг Зуҳраси шамоллаб қолди. Бир кун ўтди, эртаси куни кечқурун дорихонага чиқиб, дори олиб келиб ичирдим. Фотима шамолламаганди, унга ичирмаганман, ҳозир яхши. Бу дорини ["Цинепар кид"] 2017−2018 йилларда бошқа фарзандларимиз шамоллаганда ичириб юрардик. Индинига шом пайти сиймай қўйди. Докторга олиб чиқдим. «Шамоллаган бўлса, танасида суюқлик қолмаган, шунга сиймаётган бўлса керак», деди. Уйга қайтариб олиб келдик. Эртаси куни эрталаб қарасак, яна сиймаган. Яна учта жойдаги докторга олиб чиқдим. Урологлар кўриб, ҳеч қандай ташхис қўёлмади.

Қон лабораториясида ишлайдиган бир акамнинг хотинини чақириб, «буни кўринглар-чи, бўлмайди, шекилли, сиймаяпти», дедим. «Тез реанимацияга олиб кирамиз», деб олиб кетди. «Анализ» қилишса, 600 нечидир ҳам кератин дозаси чиққан (модда номи жабрланувчи айтгани бўйича ёзилди — таҳр.). У ерда бир кун ётди. Кейин шифокорлар телефон қилиб, «буни Тошкентга олиб бормасангиз бўлмайди, заҳар ҳамма жойига тарқаб кетяпти», деди. Шу билан 5 декабрь куни олиб келдим. 17 кун бу ерда даволанди. Бўлмади, ўтиб қолди.

Суд экспертизасига олиб боришди. «Морг»га бориб: «Ака, бўлар иш бўлди, ёрманглар. Уйда 85 га кирган дадам, 77 ёшли онам бор. Уларнинг икковиям эртадан-кечгача Зуҳрани боқишарди. Кўришса, тўғри келмайди. Илтимос, ёрмасдан бирор нарса қилса бўлар», дедим. «Йўқ, текширишимиз керак», дейишди. «Майли бўлмаса», дедим. Боши, олд кўкрагидан киндигигача очиб, экспертиза қилишди.

Бошқа адвокат: «Амбронол» ҳам ичирган экансиз-да. Уни ким тавсия қилган?

Жабрланувчи: «Амбронол», «Цинепар кид», яна «Док-1 Макс» ҳам ичирганмиз.

Адвокат: «Док-1 Макс» ҳам ичирганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Тергов жараёнида «Док-1 Макс» ҳақида кўрсатма бўлмаган экан-да. «Амбронол», «Цинепар кид» ичирганман, деб кўрсатма бергансиз, тўғрими?

Жабрланувчи: Энди одам ҳар хил ҳолатда туради-ку. Шу, шунақа ишлар бўлиб кетди.

Адвокат: Биринчи «Амбронол» ичирганмисиз ёки «Док-1 Макс»?

Жабрланувчи: Биринчи «Цинепар кид», кейин «Док-1 Макс» ичирганмиз. «Амбронол»ни учинчи кун, сиймай қўйгач ичирганмиз. «Гўзал» [номли] шифохонага олиб чиққанда «Амбронол» билан «Амоксициллин» ичиришни айтганди. «Бундан ичирганмиз» десам, «бўпти бўлмаса», дейишганди.

Бошқа адвокат: Дориларни неча кун давомида ичиргансиз?

Жабрланувчи: «Док-1 Макс»ни икки кун ичирганмиз, холос.

Адвокат: Доктор «Амбронол»ни тавсия қилгандан кейин-чи?

Жабрланувчи: Йўқ, ичирмаганмиз.

Прокурор: Кимга, қандай даъвонгиз бор?

Жабрланувчи: Шуларга давлат қанақа чора кўрса, ўша чора-да.

Прокурор: Умумий?

Жабрланувчи: Ҳа.

Прокурор: Моддий, маънавий?

Жабрланувчи: Компенсация тўлаб беришади.

Прокурор: Қанча миқдорда?

Жабрланувчи: 1 млрд беради, ака.

Прокурор: Сўраяпсиз.

Жабрланувчи: Бўлмаса сўрашсин, 2 млрд бераман — боламни топиб беришсин. 2 млрд сўм қарз олиб бўлса ҳам тўлаб бераман, фарзандимни қайтариб берсин. Шулар олиб келган доридан заҳарланиб ўлди болалар.

Адвокатлардан бири: Фарзандингизга «Док-1 Макс», «Амбронол»ни қанақа дозада бергансиз?

Жабрланувчи: Иккилик шприцда 1,5 миллиграммдан.

Адвокат: Шприцда тортганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа. Шуни ичирганмиз. 5,5 ойлик гўдак бўлган.

Адвокат: «Док-1 Макс»ни сотиб олиб, фарзандингизга беришдан олдин йўриқномасини ўқиганмисиз?

Жабрланувчи: Йўқ.

Адвокат: «Док-1 Макс», «Амбронол»нинг 2 ёшдан катта болаларга берилиши ҳақида маълумотга эга бўлганмисиз?

Жабрланувчи: Йўқ. [Бу гапни кейин] шифохонада, «Болалар маркази»да «3 ёшгача бўлган болаларга сироп бериш мумкин эмас», деб айтишган.

Адвокат: [Сиропларнинг] йўриқномасида белгиланган дозадан ошиб кетса, кўрсатилган ёшдан эрта берилса, заҳарланиш ёки бошқа тескари таъсирлар келтириб чиқариши кўрсатилган. Лекин сиз 5−6 ойлик гўдакка бергансиз-да. Билмаган бўлгансиз-да буни?

Жабрланувчи: Шундай. Негаки бундан олдинги акалари, опаларига ҳам шамоллаганда шундан берганмиз-да.

Адвокат: Улар неча ёш бўлган?

Жабрланувчи: 2017−2018 йиллардаги ҳолат бу.

Адвокат: Ёши катта бўлган-а?

Жабрланувчи: Ҳа. Шундан кейин уйга унақа дори кирмаган.

Адвокат: Уларнинг ёши 5−6 ойлик бўлмаганда, шундайми?

Жабрланувчи: Ўша гўдаклик маҳалида-да.

Бошқа адвокат: «Цинепар кид» неча кун ичирилган?

Жабрланувчи: Бир маҳал ичирилган. Ўшанда кечқурун йўталганида ичирилган.

Адвокат: Қачондан «Док-1 Макс» ичиришни бошладингиз?

Жабрланувчи: Эртаси куни эрталабдан «Док-1 Макс» билан «Амбронол»ни орадан икки соат ўтказиб ичирганмиз.

Адвокат: «Цинепар кид»ни мазаси бўлмаганда кечқурун ичиряпсиз. «Док-1 Макс»ни эса эрталаб. Дорихонага чиқиб келишга қачон улгуряпсиз?

Жабрланувчи: Эрталаб чиқиб келяпман.

Адвокат: Эрталаб иккилик шиприцда «Док-1 Макс»ни бердим деяпсиз. У шприц «Док-1 Макс»нинг ичидан чиққанми?

Жабрланувчи: Йўқ, дорихонадан ўзим олиб келганман.

Адвокат: Ўша «Док-1 Макс»нинг ичида қошиқчаси бормиди, йўқмиди?

Жабрланувчи: Кичкина пластмасса қошиқчаси бор эди.

Адвокат: Нимага қошиқчада эмас, шприцда бердингиз?

Жабрланувчи: 5,5 ойлик гўдакка қошиқчада ичириб бўладими?

Адвокат: Тушунарли. Шприцда 1,5 миллиграмм тортишни сизга ким тавсия қилди?

Жабрланувчи: Ўзим.

Адвокат: Шундан кейин «Док-1 Макс» ичирдингизми, йўқми?

Жабрланувчи: «Док-1 Макс»ни биринчи марта эрталаб 8:30 ларда бердим. Сўнг йўтали қолармикан деб, пешиндан ўтганда, тахминан иккиларда иккинчи марта ичирдим. Шомдан озгина ўтганда, докторга боришимиздан олдин рафиқам телефон қилди. «Зуҳрахон сиймабди-я» деди. Биласиз, ҳовлида тандирда нон қилинади. Уйда бешикка белаб қўйиб, нон қилган экан. Кирсам, ҳақиқатдан бешикка белаб қўйган, сиймаган. Кейин кечки тўрт ярим-беш атрофида «Амбронол» олиб кириб, ундан ҳам ичирдим.

Адвокат: Уни ҳам 1,5 миллиграмм бердингизми?

Жабрланувчи: Тахминан шунақа.

Адвокат: Унинг ичида ҳам қошиқчаси бормиди ёки нимаси бор эди?

Жабрланувчи: Аҳамият бермаганман.

Адвокат: Идишини тахминан тасвирлаб бероласизми? Қуёнча, айиқча расмлари бормиди, йўқмиди?

Жабрланувчи: Бир йил бўлган нарса эсда қоладими?

Адвокат: Энди сиз дорини қайси пайт, қанча миқдорда берганингизни аниқ айтяпсиз-да. Мисол учун, ўша дориларнинг устида бирор кўзга кўринган, эсда қоларли нарсаси бормиди?

Жабрланувчи: Билмайман. Мен унинг қутисига аҳамият бермагандим. Боланинг сиймагани ваҳимага солиб қўйган. Нимага сиймаяпти деб урологга олиб чиқсам, уёғини ушлади, буёғини ушлади, буйрагини ушлади, билмади. Эртаси куни яна урологга олиб чиқдим…

Адвокат: Тўхтаб туринг, уролог майли — дори ичириш ҳақида гаплашаётгандик. Тушунишим бўйича, эрталаб 8:30 да, 14:00 да «Док-1 Макс», 16:30 да «Амбронол» беряпсиз. Эрталаб 8:30 да «Док-1 Макс» берганингиздан кейин сиймай қоляпти-а?

Жабрланувчи: Сиймай қолганини шом пайти, докторга олиб боришдан олдин билганмиз.

Адвокат: Ҳаммаси бир кунда, уч маҳалда бўляпти-а?

Жабрланувчи: Ҳа. Ундан бир кун олдин йўтали қолармикан деб «Цинепар кид» ичиргандик.

Адвокат: «Док-1 Макс» беряпсиз, ўша «Док-1 Макс» билан «Амбронол» дорилари қаерда?

Жабрланувчи: Қизим вафот этгач, ташлаб юборинглар, деганман.

Адвокат: Терговга, докторларга ҳам тақдим қилмагансизлар?

Жабрланувчи: Йўқ, докторларга айтганмиз.

Адвокат: Қайси дорихонадан олганингизни эслайсизми, йўқми?

Жабрланувчи: Эслаймиз.

Адвокат: Терговдагиларга айтганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа. Ўзимизнинг «Гўзал» касалхонасининг олдидаги дорихонадан олганмиз.

Судья: Кимда яна қандай савол бор? (Ҳеч ким индамади — таҳр.). Йўқ. Бўлди, раҳмат.

Жабрланувчи: Ўртоқ судья, бу ерга келишдан мақсад — кеча телефон қилишганида буларга ҳам айтдим — фойдаси бўлса борай, бўлмаса, 400−500 минг сўм харажат қилиб бормайлик, натижа бўлса, борайлик дедим.

Судья: Нима натижани назарда тутяпсиз?

Жабрланувчи: Буларга олий, энг оғир жазони қўллаб беришингизни хоҳлаймиз. Кейин буёқда фарзандлари ўтган ота-оналарга компенсация пулларини тўлаб беришларини хоҳлаймиз.

Адвокатлардан бири: Фарзандингиз 5,5 ойлик экан. Соғлиғи ёмонлашгач, уни кўздан кечириб турадиган, ўзингиз яшайдиган ҳудуд врачига кўрсатдингизми?

Жабрланувчи: Кўрсатдик.

Адвокат: Дори ичиришингиздан олдинми ё кейин?

Жабрланувчи: Ичиришимиздан олдин ҳам олиб чиққанмиз.

Адвокат: Дорини сизга врач тавсия қилдими?

Судья: Саволга жавоб берди, «ўзим олдим» деди.

Жабрланувчи: Учинчи куни «Амброксол»ни тавсия қилган.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, буни мен эшитдим. Фақат ҳозирги жавобдан келиб чиқиб савол беряпман. Агар врачнинг олдига олиб чиққан бўлса, врач маълум бир дори воситаларини тавсия қилади. Агар «Амбронол» ёки «Док-1 Макс»ни бевосита ўзи хоҳлаб олган бўлса, врачнинг тавсияси қаерда қолди? Врач қайси дориларни тавсия қилганди?

Жабрланувчи: Агар телефон қилишга рухсат беришса, ҳозир уйдагиларга айтаман, врачнинг рецептини расмга тушириб ташлаб беришади.

Адвокат: Яхши бўларди. У дориларни ичирганмисизлар? Сотиб олганмисизлар, йўқми?

Жабрланувчи: Сотиб олганмиз.

Адвокат: Мақсад фарзандингизнинг ўлимига айбдор бўлган шахсларни жазолаш-ку. Бу бизга шунинг учун керак-да.

Бошқа адвокат: Ичирганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа, ичирганмиз.

Адвокат: Рецепт бўйича берилган дориларни ичиряпсизлар, тўғрими?

Жабрланувчи: Йўқ. «Гўзал» касалхонасига олиб чиққанимда учинчи куни ёзиб беряпти. Бу дориларни бундан олдин ичирдим деб, у ердан олиб чиқиб кетдим. Улар ҳам худди ўша ташхисни — шамоллаш, буйрагида суви қолмаган…

Адвокат: Сизга «беш ярим ойлик чақалоғингиз касал бўлганида дори ичирмасдан аввал шифокорга бордингизми?» деб савол берилди. Сиз «бордим, рецепт ёзиб берди» дедингиз. «Ўша [рецептда ёзилган дорилар]ни олдингизми?» деб сўраляпти.

Жабрланувчи: Йўқ, олмадим.

Адвокат: Нима учун шифокорга бордингиз?

Жабрланувчи: Нимагаки шифокор ҳамма арзон дориларни ёзиб берди.

Адвокат: Беш ярим ойлик болага…

Судья: Майли, бунга суд баҳо беради.

Бошқа адвокат: Ҳозир «Амброксол» ҳам ичирганингизни айтдингиз. «Амбронол» эмас, «Амброксол» ичирдингиз-а?

Жабрланувчи: Иккаласини ҳам. «Амбронол»нинг «коробка»си ҳали ҳам бор.

Адвокат: Қанақа?

Жабрланувчи: Қизил «коробка»да, катта «А» қилиб қўйилган.

Бошқа адвокат: Шунда 6 ойлик болага «Амбронол», «Амброксол», «Цинепар кид», «Док-1 Макс» бергансиз, шундайми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Бошқа адвокат: «Док-1 Макс»нинг идиши қанақа? Тасвирлаб беринг.

Жабрланувчи: Кичкина пластмасса идишда.

Адвокат: «Коробка»си ҳам бормиди?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Устида бирор ёзуви, расми бормиди?

Жабрланувчи: Ўша «Док-1 Макс»нинг бир рақами ёзиб қўйилганди.

Судья: Сиз ҳозир «Амбронол»ни катта «А» ҳарфида деяпсиз-да, расмини кўрсатсам, ўшами, бошқами, фарқлаб берасизми?

Жабрланувчи: Қизил билан ёзиб, катта «А» қилиб қўйилганда.

Судья: Келинг-чи.

Жабрланувчи судьянинг олдига бориб, ўзи ишлатган дори судья суратини кўрсатаётган дори билан бир хилми ёки йўқ — шуни билдирди.

Судья: Бўлди, суд баҳо беради. Савол йўқми? (Жимлик — таҳр.) Бўлди, [жабрланувчига қарата] ўтиринг.

Жабрланувчи Гуландом Раҳмонова кўрсатмаси

Жабрланувчи Гуландом Раҳмонова 1993 йил Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилган. Ҳозирда шу туманнинг «Ўртаоғиз» маҳалласи Тинчлик қишлоғида яшайди. Унинг икки фарзанди — бир қизи ва бир ўғли бор эди. 2017 йил февраль ойида туғилган ўғли Шамшодбек Раҳматуллаев 2022 йил декабрида шамоллашдан даволаниш учун дори ичгач, аҳволи оғирлашиб вафот этган.

Кўрсатмадан олдин шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Нима иш қиласиз?

Жабрланувчи: Поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайман.

Судья: Маълумотингиз ўрта бўлса, тиббиёт коллежида ўқигансиз-а?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Оилалисиз. Нечта фарзандингиз бор?

Жабрланувчи: Иккита эди, битта қолди (шундай деб йиғлаб юборди — таҳр.).

Ўғлимда 2022 йил 3 декабрда грипп аломатлари сезилди. Поликлиникамиз узоқда, қишлоқда битта мен ишлайман, дорихона ҳам йўқ. 4 декабрь куни [Нуробод туманидаги] Жом [қишлоғи]га бордик. Ўша ердаги дорихонадан ["Док-1 Макс"] олдим. «Док-1 Макс»ни икки кун, икки маҳал 5 граммдан ичирдим. Болам сиймай қолди.

Ўзимизнинг поликлиника 20−25 км узоқ бўлгани учун шуёққа (жабрланувчи айнан қаерлигини аниқлаштирмади, тахминан, Жом қишлоғига — таҳр.) олиб бордим. Расулов деган врач бор эди. У Нуробод тумани касалхонасига йўлланма берди. Олиб бордик, дарров реанимацияга олди. Кечқурун ультратовуш текширув (УЗИ)ларни қилди. Бола сиймаяпти, қовуқда ҳам сийдик йўқ.

Кейинги кун Самарқанд вилояти кўп тармоқли шифохонасига олиб борди. Шанба куни эди. У ерда Баҳодир ака Пардаев қабул қилди. Ўша куннинг ўзида гемодиализга олди. Кейин, касаллик тарихи очилгач, Феруза исмли [шифокор] сўраганида «Док-1 Макс» ичирганимни айтдим.

Ўзи у ерда «Док-1 Макс»дан иккитами, учтами бола тирик қолган, қолгани ўлган экан. Бизга 17 ё 18-кунга келяпсиз деди. Кейин дорилар ёзди. Болам ҳар куни қийналиб гемодиализ олди (шундай деб йиғлаб юборди — таҳр.). Кейин 18 декабрда бўлмай қолди.

Прокурор: Қандай даъвонгиз бор?

Жабрланувчи: «Док-1 Макс»ни Ўзбекистонга киргизганларга энг оғир жазо берилсин. Ҳеч кимнинг фарзандига, ҳатто душманимнинг боласига ҳам ўлим тиламайман. Фарзандларининг бошига тушмасин, лекин ўзларига ўлим жазосини берсаларингиз ҳам, олдимда қийнаб ўлдирсаларингиз ҳам кўнглим таскин топмайди-да (шундай деб йиғлаб юборди — таҳр.). Фарзанд доғи шунчалар оғирки, билмадим, энди қанчадан-қанча ота-оналар шунчалик азоб чекяпти. Бир йил бўляпти, бир йилдан бери кўзимдаги ёш тингани йўқ.

Прокурор: Моддий даъвонгиз борми?

Жабрланувчи: Қанча берса, менинг болам қайтиб келади?

Прокурор: Сиз [моддий даъвони] хоҳлайсизми-йўқми — шуни сўрамоқчи эдим.

Залда ўтирган, ўзини жабрланувчининг синглиси деб таништирган аёл: «Сўрайди, бор».

Жабрланувчи: 10 миллиард беради. Лекин мен 10 миллиардни 100 миллиард қилиб қайтариб бераман — боламни олиб келиб, шундай олдимга қўйсин! Майли, ётган жойидан олиб келиб қўйсин. Бир куни учун 100 миллиард бераман! Кўчага чиқиб, гадойчилик қилсам ҳам, шу пулни топаман.

Жабрланувчи Умарали Умарий кўрсатмаси

Жабрланувчи Умарали Умарий 1993 йил Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Заводда ҳисобчи бўлиб ишлайди. Тўнғич фарзанди Нурмуҳаммад Умарий шамоллашдан тузалиш учун дори ичгач, аҳволи oғирлашиб, 2023 йил 9 январда вафот этган.

Жабрланувчи: Декабрь ойи эди. Ўғлим шамоллаганда дадам билан аёлим қишлоқдаги дорихонадан дори олиб келган. Рецептсиз бериларкан-ку, «Амбронол» сиропини ичган. Икки кун ичди, иссиғи кўтарилиб, тушавермади. Оқшом билан қайт қилиб чиқди.

Адашмасам, 8 декабрь эди. Ургутдаги болалар шифохонасига олиб бордик. Қайт қилишларни шамоллашдан деди. Иккита «система» қўйди, олиб қолди. Икки кун ётди. Кейин «бола сиймаяпти» деди. УЗИга олиб бориб, буйрагини текширтирсам, «буйрагида сийдик йўқ, буни вилоятга олиб бориш керак», деб маслаҳат берди. Оқшом ишдан чиқиб келсам, аёлим дўхтирлар кўп қайт қилганидан танасида сув қочиб кетгани, шунинг учун сиймаётганини билдиргани ҳақида айтди. Кейин бир ҳамшира «болани олиб боринглар, мазаси йўқ, ҳаттоки шишган ҳам», деди. Оқшом ўзим туриб, машина чақириб, шаҳар шифохонасига олиб бордим.

Аввал кўп тармоқли касалхонага боргандим, ёпиқ экан, қабул қилмади. Кейин тез ёрдам бўлимига ўтказдик. У ерда ҳам УЗИ қилиб кўрганди. «Ҳақиқатан боланинг қовуғида сийдик йўқ, буйрак ишламаяпти», деган хулоса билан боланинг аҳволи оғир деб, бирдан реанимацияга олди. Кейинги кун даволовчи келиб, «боланинг буйраги ишламаяпти, диализ қилиш керак», деди. Нима маслаҳат берасиз дегандик, [диализ учун воситалар] бизда йўқ, «кўп тармоқли»да бор, шундан олиб келиб берсангиз, диализ қиламиз деди.

Уларда Баҳодир деган дўхтир «12 та бола буйраги ишламай ётибди, ҳозир имконимиз йўқ», деди. Тошкентда тиббий нарсалар олиб келадиган бир дўкон бор экан, ўшаларнинг рақамини берди. Икки кунда топиб олиб келдик. Кейин диализ қилди, 20 га яқин диализ олди. Болам бешинчи куни иккита диализдан кейин комага тушиб қолди. Бир ҳафта ўтгач, сийдик тушди. Сийдикда ҳам «мачевина» каби заҳарли моддалар бўлиши керак экан, ўшалар йўқ эди. «Буйрак ишлагани билан, заҳарли моддалар буйракка ўтмаяпти» дейишди. Болам 9 январь куни вафот этди.

Адвокат: «Амбронол»ни қанча миқдорда бергансиз?

Жабрланувчи: Ўзининг шприцчаси бор экан-ку, онаси шундан тортиб, қайноқ сувгами солиб, тайёрлаб берган экан. Миқдори ҳақида менда маълумот йўқ.

Адвокат: Тергов жараёнида тўрт кун давомида икки маҳалдан 10 грамм дейилган экан. Сиз шприцини кўрганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Кейин дорини нима қилдингиз?

Жабрланувчи: Ўзи камгина қолган эди. Уйдагилар йиғиштириб ташлаб юборган.

Прокурор: Даъвонгиз борми? Кимга қанақа даъвонгиз бор?

Жабрланувчи: Даъвом дорини олиб кирганларга-да. Суд жараёнини кўриб боряпман, кечагисини интернетдан кўрдим. Қанақадир ҳужжатларни оз-моз тушунаман. «Билиб олдим», «ажратдим», «қўл қўйдим» деяпти-ку. Ўшаларга қонуний жазо қўллашларингни хоҳлардим.

Прокурор: Моддий, маънавий даъвонгиз борми?

Жабрланувчи: Йўқ, даъвом бўлгани билан барибир… (гапини давом эттирмади — таҳр.).

Адвокатлардан бири: «Амбронол» дорисини ўзингиз кўрганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа, қутида эди. Ичида оддий уколга ўхшамаган, бошқача, учи кесилган шприц бор эди. Болага ичириш осон бўлиши учун ўша орқали берардик.

Адвокатлардан бири: Дорини аёлим танлаган деяпсиз. У кишининг мутахассислиги қанақа?

Жабрланувчи: Ўрта-махсус, тикувчиликни битирган.

Адвокат: Фарзандингиз касалланган вақтда дори сотиб олишдан олдин шифокорга кўрсатдингизми? Участка врачига телефон қилдингизми?

Жабрланувчи: Йўқ. Дорихонага борганда рецептсиз берилади, деб маслаҳат берган. Кейин у пайтда [боланинг аҳволи] енгилроқ эди. Ўзи [аҳволи оғирлашишининг] олдини олиш мақсадида олиб келгандик.

Жабрланувчи судьяга: Саволим бор эди. «Док-1 Макс» ёки «Амбронол»дан бўлгани ҳақида экспертиза ўтказгансизлар-а? Заҳарлар аниқланган. Ўғлимда ҳам шу экспертиза қилинган, лекин уни ўқиб кўрганим йўқ-да. Ундан заҳарларнинг асоратлари топилган-топилмаганини билмоқчиман.

Судья: Экспертизада 2023 йил 23 январда фарзандингиз Нурмуҳаммад Умарийда ўткир буйрак етишмовчилиги аниқлангани ҳам ёзилган экан. Мутахассислар дори икки кун ичида, агар буйракни ювадиган ёки бошқа воситалар қўлланилса, ундан ҳам олдин организмдан чиқиб кетади, лекин унинг асоратлари, тузлар организмда қолади дейди. Ўғлингиздан тузлар аниқланган.

Жабрланувчи: Бир варақлик нарсами?

Судья: Тўққиз варақ.

Жабрланувчи: Менга тушунтирмай, бир варақ нарсага имзо қўйдирганди-да.

Судья: Ака, ҳозир кўрсат десангиз, кўрсатишим ҳам мумкин. Лекин тавсия қилмайман. Ичида расмлар бор. Ёмон таъсир қилиши мумкин.

Жабрланувчи: Бўлди, тушундим.

Жабрланувчи Зойиржон Мамадалиев кўрсатмаси

Жабрланувчи Зойиржон Мамадалиев 1991 йил Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. Устачилик қилади. 2019 йил cентабрда туғилган ўғли 2022 йил ноябрь ойида шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Ўғлим грипп бўлиб, бурни оқаверди, дорихонага бориб, «яхши дори беринг» десак, «Док-1 Макс»ни берди. Қошиқчасида яримлатиб икки ёки уч маҳал бергандик. Шуни ичгач, оғирлашишни бошлади. Иситмаси кўтарилиб, ичган сувидан тортиб еган нарсасигача ҳаммасини қайт қилиб, оғирлашаверди.

Кейин ўзимизнинг касалхонага олиб чиқдик. Эртаси куни хусусий шифохонага олиб бордик. У ерда бир кун қолди. Текшириб, қон таҳлилларини кўришди, сийдик таҳлили йўқ. Улар давлат касалхонасига жўнатди. У ерда текшириб кўриб, «бизда [аппаратлар] йўқ» деб, Фарғонага жўнатди.

Фарғонада диализга олиб борди. Буйракни вақтинча ишлатиб турадиган буйрак аппарати бор экан, ўша ерга олиб бориб, уч кунча қарашди. Фарғонада 15 кун даволанди, 15-куни ўтиб қолди.

Судья: Сиз дорини ўзингиз олганмисиз ёки олиб келиб беришганми?

Жабрланувчи: Дадам олиб келибди.

Судья: Дорилар қаерда?

Жабрланувчи: Бизники ҳамма [заҳарланишлар]дан аввал, ноябрда бўлган-ку. Бу ҳолат декабрь-январларда телевизорларда реклама бўлиб чиқиб, шов-шув бўлгач, ўзим олиб, ёқиб юборганман. Шов-шув бўлмагунча ўша доридан бўлганини ҳам билмагандим. Бир ҳафталардан кейин ички ишлар келиб, сўроқ қилганда ёқиб юборганимни айтдим. Уларни дорихоначининг олдига ҳам олиб бордик, уни ҳам сўроқ қилишди.

Прокурор: Кимга нисбатан қандай даъвонгиз бор?

Жабрланувчи: Давлат қандай жазо берса, шунга розимиз.

Прокурор: Моддий-маънавий даъвонгиз борми?

Жабрланувчи: Эл қатори нима бўлса, шу энди.

Адвокатлардан бири: Ўғлингиз касал бўлганда симптомлари кўринган. То дори ичиргунча дўхтир чақириб кўрдингизми, йўқми?

Жабрланувчи: Йўқ. Дори ичмасдан олдин соғлом эди. Ичгандан 3−4 кун ўтиб бошланди-да. Кейин секин-секин бир нечта дўхтирларга кўрсатавердик. Ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйишди.

Адвокат: Симптомлар сезилганда дорини ичиришдан олдин дўхтирга кўрсатиб кўрмадингиз-а? Рафиқангиз врачми, оилангизда врач борми?

Жабрланувчи: Врач йўқ.

Суд ишини 13 ноябрь, душанба куни давом эттиради.