Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2023 йилнинг 9 ноябрь куни Италия Республикаси президенти Сержо Маттарелла фарзанди Лаура Маттарелла ҳамроҳлигида расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар қилди.

Тошкент халқаро аэропортида уларни бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Шундан сўнг, Олий мартабали меҳмон ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.

Кун тартибидан Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзбекистон президентининг 2023 йил июнь ойидаги Италияга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади. Саммит якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, президент Сержо Маттарелла Самарқанд ва Хива шаҳарларига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишади.