Ўзбекистон Миллий университети қошидаги ўзбек-хитой қўшма лабораторияси мудири, микробиология бўйича олима Дилфуза Эгамбердиева UNESCO-Карлос Финлей мукофоти билан тақдирланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Дилфуза Эгамбердиева қишлоқ хўжалиги саноатида эластик ва барқарор тизимларга оид илмий ишлар олиб борган. Унинг тадқиқотлари атроф-муҳит муҳофазаси ва ижтимоий мақбулликка йўналтирилган.

Олима мукофотни ўсимлик ва микробиомларнинг ўзаро таъсири, ўсимликларнинг стрессга чидамлилиги, тупроқ биологияси ва микроблар хилма-хиллиги соҳасидаги тадқиқотлари учун қўлга киритди.

UNESCO-Карлос Финлей мукофоти ташкилот ва Куба ҳукумати томонидан молиялаштириладиган, икки йилда бир маротаба тақдирланадиган илмий мукофотдир. У ўзининг сариқ занг касаллиги бўйича тадқиқотлари билан машҳур кубалик шифокор ва микробиолог Карлос Хуан Финлей шарафига қўйилган.

Микробиология соҳасида эришган салмоқли илмий изланишлари ютуқлари учун олимлар ёки илмий-тадқиқот муассасалари мазкур мукофот соҳиби бўла оладилар.