6 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш билан боғлиқ хизматлар тўғрисидаги маъмурий регламентни тасдиқлади.

Ҳукумат қарорига кўра, давлат хизмати ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига бевосита мурожаат этиш ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Бунинг учун ариза берувчи ўз хоҳишига кўра доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар, исталган ваколатли органга ўзи келиб ёки ЯИДХП орқали мурожаат этади.

Сўровнома тўлдирилиб, тегишли ҳужжатлар илова қилинади. Ваколатли орган томонидан сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги 2 иш куни ичида текширилади.

Мурожаатнома учун керакли ҳужжатлар:

  • таклиф этилган шахснинг фотосурати (3,5×4,5 см);
  • унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (паспорт, фуқаролиги бўлмаган шахснинг саёҳат учун ҳужжати);
  • агар керак бўлса — таклиф қилинганлар билан саёҳат қилаётган вояга етмаганларнинг ҳужжатлари нусхалари;
  • қариндошлари учун — қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар.

таклиф, ўзбекистон, чет эл фуқароси

таклиф, ўзбекистон, чет эл фуқароси

Ариза берувчи давлат хизмати кўрсатилгани учун БҲМнинг 5 фоизи (16 500 сўм) миқдорида давлат божи тўлайди.

Агар ариза берувчининг сўровномаси қайтарилса, у камчиликларни бартараф этгандан сўнг ваколатли органга 5 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қайта мурожаат қилиши мумкин. Бунинг учун қўшимча тўлов қилинмайди.

Маълумотлар текширилгач, сўровнома Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармасига (махсус ваколатли орган) юборилади. Тегишли орган 7 иш куни ичида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистонга таклиф қилиниши мақсадга мувофиқ ёки йўқлиги ҳақида хулоса беради.

Шунга кўра, ваколатли орган томонидан 1 иш кунида QR код қўйилган таклифнома расмийлаштирилади ҳамда ариза берувчига тақдим этилади. Таклифнома берилган кундан бошлаб 3 ой давомида амал қилади.