Бухоро аэропорти орқали тарихий аҳамиятга эга бўлган 96 дона нумизматика ашёсиини олиб чиқишга бўлган уринишнинг олди олинди, дея хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Бухоро-Внуково авиарейси орқали ҳаракатланаётган фуқаро аэропортнинг божхона назорати зонасидан ўтиш давомида унинг кузатиб бориладиган юки инспекцион кўрик мажмуаси ёрдамида сканердан ўтказилган.

Натижада ҳеч қандай тегишли ҳужжатларда кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмаган жами 96 дона тарихий танга борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур тангаларнинг қадимийлик даражасини аниқлаш мақсадида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан бадиий экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги қонун ҳамда «Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги низом талабларига мувофиқ, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш таъқиқланади.