Ўзбекистонда 2024 йилги давлат бюджетидан Маданият вазирлигига 1 трлн 100 млрд 445 млн 300 минг сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича иловада маълумот берилган.

Ажратилган маблағнинг 820 млрд сўмдан кўпроғи жорий харажатларга йўналтирилиши кутилмоқда. Бундай харажатларга қуйидаги бандлар киради:

  • ривожлантириш дастурлари учун харажатлар — 149 млрд 500 млн сўм;
  • давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш учун харажатлар — 105 млрд сўм;
  • миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга ажратиладиган субсидиялар — 12 млрд сўм;
  • «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш учун харажатлар — 10 млрд сўм;
  • болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларини миллий чолғу асбоблари билан таъминлаш учун харажатлар — 7 млрд 500 млн сўм;
  • хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон ҳудудида кино ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун харажатлар — 5 млрд сўм.

Вазирлик харажатлари таркибида, шу жумладан, қайта тақсимланадиган маблағлар ҳам назарда тутилган. Уларга объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар (280 млрд сўм) ҳамда Самарқанд вилоятида оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар киради (10 млрд сўм).

Скриншот: «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасиСкриншот: «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси