Непал ғарбидаги Жаяркот туманида содир бўлган зилзила оқибатида камида 128 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Reuters ҳукумат баёнотига таяниб.

4 ноябрга ўтар кечаси 6,4 магнитудали зилзила содир бўлди, деб хабар берди Непал Миллий сейсмология маркази. АҚШ Геология хизмати зилзила кучини 5,6 балл деб баҳолади. Ер силкинишларини қўшни Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳри аҳолиси ҳам ҳис қилди.

Жаяркот туманидаги зилзила сабаб уйларга шикаст етди, баъзилари бутунлай қулаб тушди, оқибатда камида 92 киши ҳалок бўлди ва камида 55 киши жароҳат олди. Қўшни Ғарбий Рукум туманида 36 киши ҳалок бўлди, 85 киши яраланди.

Непал бош вазири Пушпа Камал Даҳал фалокат жойига вертолётда борди.

Расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан хавотирда. Улар жабрланган кўплаб аҳоли пунктлари билан алоқа узилганини таъкидламоқда. Қидирув-қутқарув гуруҳлари зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга етиб бориш учун кўчки туфайли тўсилган йўлларни тозаламоқда.