«Урганч» халқаро аэропортида 50 дона қадимий танга ушлаб қолинди, дея хабар бермоқда Хоразм вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Аэропортдан Урганч-Истанбул рейси орқали учиб кетаётган чет эл фуқароси Р.В. гумонланиб, унга тегишли бўлган шахсий буюмлар солинган қўл сумкаси текширилган. Унинг ичида оғзаки сўров пайтида айтилмаган ва Ўзбекистондан олиб чиқиш таъқиқланган 50 дона темурийлар даврига оид тангалар борлиги аниқланган.

Тангаларнинг айримлари тахминан XV асрларда Бухоро ва Самарқандда зарб этилган бўлиб, улар мисдан ясалган. Улар орасида 1898, 1903, 1908, 1911, 1914, 1916, 1961, 1962, 1963 йилларда зарб қилингани ҳам бўлган.

Ҳолат юзасидан божхона ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг қарорига асосан давлат эгалигига ўтказилган. Ҳозирда ушбу қадимий тангалар «Хива Ичан-қалъа» давлат музей қўриқхонага топширилган.

Маълумот учун, «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги қонун ҳамда «Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида»ги низом талабларига мувофиқ, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.