Усмон Иброҳимович Алимов 2 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

У 1983 йил 6 апрелда Денов туманида туғилган. 2007 йил ва 2014 йилда Термиз давлат университетини, 2021 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — миллий истиқлол ғояси ҳуқуқ ва маънавият асослари, иқтисодиёт, давлат бошқаруви.

Алимов 2013—2019 йилларда вилоят ҳокимлигида турли вазифаларда ҳамда Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2019 йилдан буён Сурхондарё вилояти статистика бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

2023 йилнинг январь ойи охиридан буён Шеробод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Зайнобиддин Халилов соғлиғи туфайли ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган.