2 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Учрашувда Франция президентининг Ўзбекистонга охирги 30 йилдаги илк ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони каррасига ошгани, жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошгани қайд этилди. Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Музокараларда «яшил» энергетика, хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларда янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

«Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Сиёсий мулоқотни давом эттириш, хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш»да ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, «Ўзбекистонда француз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани» учун Франция альянсининг Самарқанддаги филиали очилиши эълон қилинди. Тошкент шаҳрида эса Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Аввалроқ Самарқанддаги Конгресс марказида Эммануэль Макронни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтганди. Бир кун аввал Шавкат Мирзиёев у билан кўришиб, ҳамкасбини «қадрли дўст» дея атаган.