Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистонда шаҳарларининг яшаш учун қулайлиги рейтинги тузилди.

Мутахассислар шаҳарларда яшаш қулайлигини йиғма индекс асосида баҳолаб, миллий статистик кўрсаткичлар доирасида ҳамда ҳар йили дунё шаҳарлари бўйича яшаш учун қулай шаҳарлар рейтингини тузувчи Global Liveability рейтинги методологияси асосида ишлаб чиққан.

Индексни шакллантиришда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларидаги жами 27 та миқдорий ҳамда сифат кўрсаткичларидан фойдаланилган. Рейтинг аҳоли сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган республиканинг 30 та шаҳри учун ишлаб чиқилди.

Натижаларга кўра, республикадаги яшаш учун энг қулай шаҳарлар кучли бешлигидан қуйидагилар ўрин эгаллади (100 баллик тизимда рейтинг бали):

  1. Тошкент (79,1).
  2. Урганч (76).
  3. Бухоро (75,4).
  4. Самарқанд (70,6).
  5. Навоий (68,1).

мҳти, рейтинг, қулай шаҳарлар
Инфографика: МҲТИ.

Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод (35,3), Хонобод (35,3), Янгиер (33,5), Оҳангарон (32,9) ҳамда Қувасой (26,4) шаҳарлари жой олди. Рейтинг бўйича яшаш қулай Топ-10 шаҳарларнинг барчаси вилоят марказлари ҳисобланиб, рейтингда ушбу шаҳарларга рейтинг поғоналари бўйича энг яқин Қўқон (13-ўрин), Хива (14-ўрин) ва Чирчиқ (16-ўрин) каби номарказий ҳудудий бирликлар жойлашди.

Йўналишлар кесимида етакчи шаҳарлар:

  • таълим ҳамда тиббиёт: Бухоро, Гулистон ва Урганч;
  • инфратузилма: Урганч, Навоий ва Тошкент;
  • ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: Тошкент, Урганч ва Гулистон;
  • маданият ва атроф-муҳит: Тошкент, Бухоро ва Самарқанд.

Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик кўрсаткичида миграция оқимидаги аҳоли сони, тузилган никоҳлар ва ажримлар, тадбиркорлар, хизматлар ва чакана савдо айланмаси инобатга олинган.

Соғлиқни сақлаш кўрсаткичи койкалар, тиббиёт ходимлари, 1 ёшгача бўлган болалар ўлими кабилар бўйича тузилган бўлса, таълим йўналиши мактабгача таълим қамрови, ўқувчи (талаба)лар сони, нодавлат умумий ўрта таълимдан фойдаланиш имкониятлари, ОТМга киришдаги ўртача тўпланган баллар ҳисобга олинган.

Маданият ва атроф-муҳит кўрсаткичи ифлослантирувчи моддалар, меҳмонхоналардаги ўринлар, дам олиш масканлари ва санаторийлар, туроператорлар, театр ва кинотеатрлар, архитектура ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлар сони бўйича тузилган.

Инфратузилма кўрсаткичида ичимлик суви, табиий газ билан таъминланганлик, темирйўл, ҳаво транспортидан фойдаланиш имконияти ҳамда овқатланиш, савдо объектлари сони инобатга олинган.

мҳти, рейтинг, қулай шаҳарлар
Инфографика: МҲТИ.

Таъкидланишича, рейтингни амалиётга жорий этиш натижасида республика шаҳарларининг умумий ҳолатини бир неча йўналишлар бўйича доимий мониторинг қилиб бориш имкони яратилади.

Уни такомиллаштириш доирасида ҳар бир йўналиш бўйича мавжуд муаммоли соҳалар аниқланиб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусидаги иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлувчи омилларни камайтириш мумкин, дея ҳисоблайди МҲТИ экспертлари.

Эслатиб ўтамиз, Economist Intelligence Unit`га кўра, Тошкент яшаш учун қулай шаҳарлар рейтингида 13 поғона пастлаб, 173 та шаҳар ичида 157-ўринни эгаллаган. Рўйхатда Австриянинг Вена шаҳри етакчилик қилган.