2023 йилнинг учинчи чорак якунларига кўра, Ўзбекистон Марказий банки олтин харид қилиш бўйича дунёнинг етакчи марказий банклари бешлигига кирди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотларига таяниб, Spot хабар қилди.

Унга кўра, мазкур даврда Ўзбекистон Марказий банки 7 тонна қимматбаҳо металл сотиб олган.

Тегишли рўйхатда биринчи ўринни Хитой эгаллаган. Мамлакат ушбу чоракда олтин захираларини 78 тоннага оширган. Кучли учликни Полша ва Туркия эгаллади ҳамда мамлакатлар мос равишда 57 ва 39 тонна олтин харид қилган. Қимматбаҳо металлнинг энг йирик харидорлари рўйхатида Ҳиндистон, Чехия, Сингапур, Қатар, Россия, Филиппин ва Қирғизистон ҳам бор.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, август ойида Ўзбекистон хорижга олтин сотишни тўхтатган. Йил бошидан буён қимматбаҳо металлар экспортидан 5,63 млрд доллар даромад келтирилди ва бу ўтган йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп.

Аввалроқ кетма-кет олтинчи ой Ўзбекистон олтин-валюта захираларида яна камайиш кузатилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Унга кўра, 2023 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакат захиралари 1,65 млрд долларга камайиб, 31,03 млрд долларни ташкил этди. Март ойига нисбатан олтин-валюта захиралари деярли $4,4 млрд камайиб, 2020 йил мартидан бери энг паст даражага етди.