UzPost («Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти) республиканинг барча ҳудудларига 24 соат ичида етказмаларни элтиб бериш бўйича «Бир қадам» хизматини ишга туширди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати таяниб Spot хабар берди.

Жўнатмалар Тошкентдан 24 соат ичида барча вилоят марказларига, шунингдек, қарама-қарши йўналишда юборилади. Хизмат нархи 1 кг учун 15 минг сўмдан бошланади.

Ҳар бир қўшимча килограмм учун 3 минг сўмдан, Термиз, Нукус ва Урганч шаҳарлари учун эса 7 минг сўмдан тўланади (бу етказмалар ҳаво орқали етказиб берилиши билан боғлиқ). Жўнатилаётган буюмларнинг оғирлиги 20 кг дан ошмаслиги лозим.

Хизматдан фойдаланиш учун жўнатмани UzPost почта оператори бўлимида қолдириш керак. Тўловдан сўнг веб-сайтда етказмани кузатиш учун код тақдим этилади. Бир кун ичида мижозга етказиб бериш ҳақида хабар юборилади ва жўнатмани олиб кетиши мумкин бўлади.