Тошкентда якшанба куни Фаластинни қўллаб-қувватлаш бўйича рухсат этилмаган акция ўтказиш ва унда қатнашишни режалаштирган фуқаролар жавобгарликка тортилди, деб хабар берди «Газета.uz»га ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар.

Акцияга чақирувлар бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди. Фаоллар Истанбулда Фаластинни қўллаб-қувватлаш митинги учун қилинган баннердан кўчирилган баннер тайёрлаган.

Баннерда Амир Темур ҳайкали ва унинг атрофида йиғилган, қўлларига Ўзбекистон ва Фаластин байроқларини кўтариб олган кўплаб одамлар тасвирланган. Унда вақт ва жой ҳам кўрсатилган эди: 14:00, Амир Темур хиёбони. Баннернинг пастки қисмида «Фаластин билан елкама-елка», «15 сутка мени қўрқитмайди» ва «Кўпчилик бўлсак, бизни эшитишади» деган ёзувлар бор эди.

Манбаларга кўра, акцияда иштирок этиш учун нафақат шаҳар аҳолиси, балки қўшни вилоятлардан ҳам пойтахт марказига одамлар келган. Улар майдонда гуруҳ бўлиб йиғилиб, жами 100 дан ортиқ одам иштирок этган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари режалаштирилган йиғилишдан хабардор бўлган. Майдон ва унинг атрофида ички ишлар бўлими ва Миллий гвардия ходимлари кўриниш берган, ушбу органларнинг автомобиллари ва автобуслари тўхтаб турган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 100 дан ортиқ одамни ички ишлар бўлимларига олиб бориб, суҳбат ўтказди ва аксариятини қўйиб юборди. Уларнинг айримларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси («Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш»)да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий баённомалар тузилиб, материаллар судга тақдим этилган.

Манбанинг таъкидлашича, қандайдир жиддий ҳодиса рўй бермаган. ИИБга олиб борилганлар суҳбат давомида фаластинликларга ёрдам бериш учун келгани, аммо бу ҳаракат қандай ёрдам бериши мумкинлигини тушунмаганини айтган. Айримлар Яқин Шарқдаги можаронинг моҳиятидан бехабар эканини тан олган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига кўра, йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик тадбир ташкилотчиси томонидан маъмурий жазо қўлланганидан кейин яна содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлиб, энг кўпи 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.