29 октябрь куни тунда Доғистон пойтахти Махачқалъадаги аэропортда Исроилдан келган рейслардан сўнг, «яҳудийларни республикадан чиқариб юборишни талаб қилиб», оломон тўпланди. Ушбу ҳолат акс этган видео ва суратларни База Телеграм канали эълон қилди.

Доғистонликлар аэропортдан чиққан йўловчиларнинг паспортларини текшириб, Исроилдан учиб келган одамларни қидирган. Кейинчалик тўпланган одамлар аэропортга киришга муваффақ бўлган. Улар самолётдан тушган одамлар билан суҳбатлашиб, паспортларини кўрсатишни талаб қилган.

Astra Телеграм каналида эълон қилинган видеода доғистонликлар бир эркакни Исроил фуқароси эканини гумон қилиб сўроқ қилаётгани акс этган. Эркак асли ўзбекистонлик экани, лекин ўзбек тилида гапира олмаслигини айтиб, одамлардан паспортини қайтариб беришини сўраган.

Расмийлар муносабати

Воқеалар фонида Росавиация Махачқалъа аэропорти учиш ва жўнаб кетиш учун вақтинча ёпилганини эълон қилди.

«Чоралар вазият нормаллашгунга қадар амал қилади. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жалб қилинган. Махачқалъага қўниши керак бўлган самолётлар муқобил аэродромларга йўналтирилди», — дейилади Росавиация хабарида.

Россия мусулмонлари диний бошқармаси воқеа иштирокчиларини провокацияга берилмасликка чақирди.

«Биз провокацион даъватларга берилмасликка, ягона ватанимиз — Россияга нисбатан инсонпарварлик ва ватанпарварлик туйғуларини асрашга чақирамиз. Одамларни миллати ва динига қараб таъқиб қилишга қаратилган ҳар қандай чақириқ ва ҳаракатлар жиноят ҳисобланади. Хотиржамликни сақланг ва „Аллоҳ сабрлилар билан бирга“ эканлигини унутманг», — дейилади диний бошқарма баёнотида.

Бошқармаси президиуми федерал ва маҳаллий ҳокимият органларини ҳодисаларга зудлик билан жавоб беришга чақирди.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов «Махачқалъа аэропортида йиғилганларнинг қилмишлари қўпол қонун бузилиши» эканини айтди ўз Telegram каналида.

«Бугун Махачқалъа аэропортида йиғилганларнинг қилмишлари қўпол қонун бузилишидир! Тақиқланган бирор нарса қилмаган қуролсиз одамларни оломон ичида кутишда жасорат йўқ. Нотанишларга сўкиниш, чўнтагига қўл солиб, паспортини текшириб кўришда шараф йўқ! Хорижда даволанаётган болали аёлларни нишонга олишда яхши ният йўқ».

Меликов воқеага ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.

«Барча доғистонликлар Фаластинда тинчлик бўлишини сўрайдилар. Аммо бизнинг аэропортимизда содир бўлган воқеа жуда ғалати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан тегишли баҳо бериши зарур. Ва бу албатта амалга ошади» — деб ёзди республика раҳбари.

Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, тартибсизликларда жабрланганларнинг икки нафари ўта оғир аҳволда.

Маълумотларига кўра, жами 20 дан ортиқ киши жароҳат олган: 10 нафари шифохоналарда, қолганлари енгил жароҳатлар билан амбулатор шароитда даволанмоқда.

Россия Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича тергов бўлими Махачқалъа аэропортидаги ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 212-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича жиноий иш қўзғатди. Ушбу модда саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.

Россия ички ишлар вазирлиги, ўз навбатида, аэропортда видеокузатув камералари бўлганлиги сабабли тартибсизликда қатнашган барча иштирокчиларнинг шахсини аниқлаш имкони борлигини маълум қилди.