Сурхондарёда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари чегара қўшинлари билан бирга Тожикистондан олиб келинган катта миқдордаги наркотик моддаларни мусодара қилди. Бу ҳақда ДХХнинг Telegram каналида хабар берилди.

Аниқланишича, ўзбек-тожик давлат чегарасининг Сариосиё тумани Чашма қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида 4 дона рюкзакда 39 кг 409 гр «героин», 35 кг 745 гр «опий» ва 14 кг 545 гр «гашиш» моддалари топилган. Унинг эгаси ҳозирча маълум эмас. Рюкзаклар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатди.

Ушбу умумий оғирлиги 89 кг 699 гр бўлган гиёҳвандлик воситалари эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.