Олий Мажлис Сенатининг қирқ олтинчи ялпи мажлисида «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, қонун билан йўл эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, транспорт воситалари эгаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир мажбуриятлари ҳамда меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари алоҳида моддалар билан белгиланмоқда.

Амалдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуни (2013 йил 10 апрель) қабул қилинганига 10 йил бўлди. Ушбу қонун мутахассислар томонидан таҳлил қилинганда унда қайта ўрганиб чиқилиши ҳамда такомиллаштирилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланган.

ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олим СаидовИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов

Муҳокама қилинаётган қонун 7 та боб ва 58 та моддадан иборат бўлиб, унда амалдаги қонундан фарқли ўлароқ қуйидагилар назарда тутилмоқда, хусусан:

Биринчидан, қонунда «йўл» тушунчасига таъриф берилиб, соҳа амалиётидан келиб чиқиб, йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принциплар белгиланмоқда. Жумладан, эндиликда йўлларда хавфсизликни таъминлашда маҳаллий аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчилари фикрининг инобатга олиниши ҳамда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилинишининг устуворлиги йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принциплардан бири бўлмоқда.

Иккинчидан, қонун билан йўл ҳаракати соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий ташкилотларининг, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг, Давлат божхона қўмитасининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Натижада, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга нафақат тор доирадаги масъул ташкилотлар балки, бошқа давлат идоралари ва кенг жамоатчиликнинг салоҳияти сафарбар этилади. Йўл ҳаракати соҳасида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Учинчидан, қонунда йўл ҳаракатини ташкил этишга доир умумий талаблар, хусусан йўл эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ташқи реклама ва ахборот объектларини жойлаштириш бўйича нормалар белгилаб берилмоқда. Жумладан, йўл ҳаракатини ташкил этишга монелик қилувчи ташқи реклама ва ахборот объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, йўлнинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган участкаларида йўл ҳаракатини ташкил этиш тартиби ҳам аниқ белгиланмоқда. Хусусан, йўл участкаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ёки таъмирлаш бўйича ишлар бажарилаётганда йўлнинг мазкур участкаларидаги қатнов қисмининг кўпи билан 50 фоизи ўтиш учун чекланиши ёки ёпилиши мумкин, таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисида эса фуқаролар оммавий ахборот воситалари орқали олдиндан огоҳлантирилиши лозим. Йўл участкаларида қатнов қисмининг 50 фоизидан кўпроғини ёпиш зарур бўлган тақдирда мазкур йўл участкаларини айланиб ўтиш таъминланиши керак.

Тўртинчидан, қонунга кўра кўп квартирали уйларга туташ ҳудудлардатўхтаб туриш жойларини қуриш — ушбу ҳудудда экологик хавфсизликни ҳамда атроф-муҳитга, аҳолининг соғлиғи ва осойишталигига салбий таъсирни камайтиришни ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши зарур. Тўхтаб туриш жойларига бўлган эҳтиёжларни аниқлаш учун мазкур ҳудудда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатилиши учун зарур бўлган транспорт воситаларининг сони, шунингдек, уларнинг келгусида кўпайтирилиши инобатга олинади.

Шу билан бирга, қонунда пулли тўхтаб туриш жойларига доир талаблар, пулли тўхтаб туриш жойлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ушбу нормаларда тўхтаб туриш жойларида унинг кириш ёки ундан чиқиш жойига туташ бўлган алоҳида жойлар ногиронлиги бўлган шахслар бошқарадиган ва ушбу шахсларни ташийдиган транспорт воситалари учун ажратилишини таъминланиши шартлиги алоҳида қайд этилмоқда.

Пулли тўхтаб туриш жойларининг эгалари — пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўлов миқдорини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган чекланган миқдорлардан юқори бўлмаган тарифлар бўйича мустақил равишда белгилаши назарда тутилмоқда.

Электр двигателда ишлайдиган транспорт воситалари учун алоҳида жойлар ажратилади ва бундай жойларда электр қувват манбаларига уланиш имконияти яратилиши мумкин.

йўл ҳаракати қоидалари, сенат

Бешинчидан, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам қонун билан аниқ белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланишнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланмоқда.

Бундан ташқари, қонунга кўра йўл ҳаракати иштирокчилари — йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда қонунчиликка мувофиқ зиммасига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув ишларини олиб бориш ва бошқа шошилинч ёрдам кўрсатиш мажбурияти юклатилган ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслардан шундай ёрдамлар олиш, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ўзига тан жароҳатлари етказилган, транспорт воситаси ва юк шикастланган ҳолларда, қонунчиликда белгиланган тартибда зарарнинг ўрни қопланиши, шунингдек, маънавий зарар компенсация қилиниши, йўл белгиларини, чизиқларини, светофорларни ўзгартириш ва ўрнатиш юзасидан, йўл қопламасининг ҳолати ҳақидаги таклифлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир бошқа таклифлар билан тегишли органларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

«Йўллардаги тирбандликлар борган сари кундалик ҳолга айланиб бормоқда. Афсуски, деярли ҳар куни мудҳиш йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида хабар топаяпмиз. Энг ачинарлиси, бунда инсонлар, айниқса болалар нобуд бўляпти. Шулардан келиб чиқсак, бу каби қонунлар заруратини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Мазкур янги Қонунда ниҳоятда муҳим нормалар, қоида ва талаблар акс эттирилган. Соҳанинг илмийлик, очиқлик ва ошкоралик, экологик хавфсизликнинг устуворлиги каби янги принциплари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Муҳими, соҳада самарали жамоатчилик назорати таъминланиши назарда тутилмоқда», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.