Қозоғистон Миллий банки мамлакат норезидентларига банк карталарини чиқариш қоидаларини қатъийлаштиришни таклиф қилувчи қарор лойиҳасини тайёрлади. Ҳужжат «Очиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» порталида эълон қилинди.

Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Қозоғистонда вақтинчалик прописка ёки доимий пропискага эга бўлган тақдирдагина тўлов картасини расмийлаштиришга рухсат берилади.

Тўлов картаси фақатгина «талабгорнинг шахсан иштирокида ва Қозоғистон ҳудудида бўлишнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида» берилади. Бундай ҳужжатларга меҳнат шартномаси, таълим шартномаси ва яшаш учун рухсатнома киради.

Миллий банк бундай чоралар «ушбу шахсларнинг ноқонуний операцияларни, жумладан, гиёҳванд моддалар савдоси ва қимор ўйинларини амалга ошириши учун тўлов карталарини чиқариш хавфини минималлаштириш» учун зарурлигини таъкидлади.

Tengrinews нашрига берган изоҳида молиявий регулятор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар маълумотларига таяниб, тўлов карталари «қайта сотиш ва гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан боғлиқ бўлган ноқонуний айланмаларга хизмат кўрсатиш учун „дроп-карталар“ сифатида қўлланилишини» тушунтирди.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши ҳамда Visa ва Mastercard тўлов тизимлари Россия бозоридан чиқиб кетганидан сўнг Қозоғистон Россия фуқаролари орасида «карта туризми»нинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Қозоғистонда россияликлар ишончли шахс ёрдамида шахсан ёки масофадан туриб халқаро банк карталарини очишлари мумкин эди.

Аввалроқ Қозоғистон хорижликларнинг мамлакатга кириши ва бўлиши қоидаларини кучайтирган эди. Январь ойидан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИ) мамлакатлари фуқароларига ҳар 180 кунлик муддат давомида 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатга мамлакатда визасиз қолишга рухсат берилди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистондаги қатор банклар хорижликлар учун банк карталарини расмийлаштириш шартларини кучайтирган эди. Норезидентларга қўйиладиган талаблар мамлакатда доимий равишда 15 кун қолиш, талабалик мақоми ёки расмий ишга жойлашишни ўз ичига олади.