20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида UNWTO ҳамкорлигидаги тематик офис ҳамда Халқаро туризм академиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Очилиш маросимларида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили, ташкилотга аъзо давлатлар вазирлари ва делегациялари раҳбарлари иштирок этган.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, тематик офис UNWTO ҳамкорлигида «Ипак йўли» халқаро бренди лойиҳалари, ташаббуслари ва тадқиқотларини бирлаштириш мақсадида ташкил этилган. У туризм соҳасидаги ташкилотлар ва экспертлар фаолиятини баҳолаш ва тавсиялар бериш учун мувофиқлаштиришга мўлжалланган.

«Офис UNWTO`нинг 1-тоифали офиси ҳисобланади, унинг бошқарув сиёсатига мос келади ва ташкилотнинг иш ҳамда бюджет дастурининг ажралмас қисмидир. Унинг очилиши мамлакатнинг Ипак йўли мамлакатлари орасида сайёҳлик бозорида етакчи ўринни эгаллаши ва соҳани инновацион ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни жалб этиши учун замин яратади», — дейилади хабарда.

Бино Самарқанд шаҳридаги «Бобур Мирзо» кўчасида жойлашган.

Халқаро туризм академиясининг очилишида эса Зураб Пололикашвили туризм вазирлари ва туризм бошқармалари раҳбарларини муассаса фаолиятини ташкил этиш ва ўқув жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.

«Академияни очиш ташаббуси илгари сурилганидан 9 ой ўтиб очилишда қатнашаётганимдан хурсандман. Дастлаб, бунга ишонолмадим, чунки Бош ассамблея бошланишига оз вақт қолганди. Аммо Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши ва Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг саъй-ҳаракатлари бугун ташкилотга аъзо мамлакатлар туризм вазирлари иштирок этаётган академиянинг очилишини ўтказиш имконини берди. Бу нафақат UNWTO ёки Самарқанд учун, балки умуман туризм учун ҳам муҳим қадамдир», — деди у.

Академиянинг ўқув дастури Швейцария меҳмондўстлик мактаблари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Тренинг чет эллик маслаҳатчилар томонидан олиб борилади.

«Тамомлагандан сўнг битирувчига жалб қилинган ҳамкор таълим муассасалари томонидан тан олинган сертификат берилади. Ҳар бир модулни тугатгандан сўнг, талабалар хусусий сектор ҳамкор компанияларида амалиёт ўташ орқали амалий тажриба орттириш имкониятига эга бўладилар», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон академияга ўқув дастурларини маҳаллий шароитга кўпайтириш ва мослаштириш, ТоТ (тренерларга тренинг ўтиш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш) дастурлари орқали менторлар тайёрлашга кўмаклашиш, лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш каби масалаларда кўмаклашади. Талабаларни ишга жойлаштириш, дастурларни такомиллаштириш ва мослаштириш, талабалар рейтингини баҳолаш, тарғибот ишлари дастурларни тарғиб қилиш ва бошқаларда ёрдам беради.