Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 9 килограммга яқин гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасининг олди олинди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида салонида жами 6 бўлакда 3 кг 982 гр опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган. Улар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахс Тожикистондан келтирилган моддани Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи 2 нафар фуқародан олгани маълум бўлган. Ҳазорасп туманидаги меҳмонхонанинг улар жойлашган хонасидан сотиш учун мўлжалланган яан 1 кг 952 опий моддаси ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини сотиб олган вақтларида яна 2 нафар ҳазорасплик шахс ушланган.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи, 1973 ва 1975 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар фуқаро Бухоро шаҳрида 1 кг 224 гр опий моддасини 50 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Nexia автотранспорт воситаси тўхтатилиб, текширилганида, ундаги йўловчи — Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро ёнида 1 кг 913 гр гашиш моддаси борлиги аниқланган. У процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Гашиш тожикистонлик наркокуръерлар томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилоятига олиб келиниб, яширин жойга қолдириб кетилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.