Ижтимоий тармоқларда бизнес-тренерлиги билан танилган Islom Ibrohim (Ислом Иброҳимов) қидирувга берилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги сайтининг қидирувдаги шахслар бўлимида эълон пайдо бўлди.

У Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» бандида (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланиб, қидирувга берилган.

ислом иброҳимов, тренер

Унинг шахсий Telegram каналига ҳозирда постлар жойлаб борилмоқда.

«Газета.uz» мухбири қидирув бўйича қўшимча саволларга жавоб олиш учун Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. Вазирлик вакили "ҳозирча маълумот шу", дея жавоб қайтарди.

Ислом Иброҳимов 1996 йили Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. У Business Invest номи билан марказ очиб, тадбиркорларга бизнесни ривожлантиришни ўргатиш билан шуғулланган. YouTube`даги саҳифаси орқали турли мотивацион видеолар эълон қилган.

Қонунчиликка кўра, ушбу турдаги жиноят судда ўз тасдиғини топса, айбдорларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача (132 млн сўмдан 198 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

«Subyektiv» лойиҳаси аввалроқ бизнес-тренинг номи остида сотилаётган курслар ҳамда улар орасида ўзи ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш орқали мижоз йиғаётганлар ҳақида тайёрлаган фильмида Ислом Иброҳимов фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтганди. Блогернинг ойига 10 минг доллар топишни ўргатгани акс этган видео оммалашган.