Шавкат Мирзиёев 25 октябрда Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари ва фахрийларига табрик йўллади, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда ички ишлар органларини «чинакам халқчил тузилма»га айлантириш, аҳоли учун барча шаҳар ва қишлоқларда хавфсиз яшаш ва меҳнат шароитини яратиш мақсадида ишлар амалга оширилаётганига тўхталди.

Шу мақсадда 350 дан зиёд маҳаллада ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилиб, 9,5 мингга яқин маҳаллада профилактика инспекторлари фаолияти йўлга қўйилгани келтирилди.

Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилдан бошлаб «маҳалла еттилиги» тизими ташкил этилди. Энди профилактика инспектори ана шу тизимнинг энг фаол аъзосига айланиб, вазиятни хонадонлар кесимида ўрганади, деди президент табригида.

Унга кўра, инспекторлар ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабр кўриш эҳтимоли юқори бўлган фуқароларни аниқлаб, уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини «маҳалла еттилиги» имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чораларини кўради.

Энг муҳими, жойларда вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни соғлом турмуш тамойиллари асосида тарбиялаш орқали ижтимоий жиҳатдан хавфли хатти-ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш бўйича амалиёт йўлга қўйилади, дея таъкидланган.

Биз Ўзбекистон шароитида «Барча ислоҳот ва ўзгаришлар — инсон қадрини юксалтириш учун» деган эзгу тамойилга содиқ қолган ҳолда шу йўлда бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бу борада ўтган даврда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида яратилган мустаҳкам ҳуқуқий базага таянамиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, ички ишлар органлари соҳасига рақамли технологиялар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларига асосланган замонавий иш юритиш воситалари, сунъий интеллект ёрдамида фаолият кўрсатадиган ахборот-маълумот тизимлари жадал татбиқ этилмоқда. Жамоат жойларида вазиятни онлайн кузатиш, фуқароларнинг мурожаатларини масофадан туриб қабул қилиш, ҳуқуқбузарликларни инсон омили иштирокисиз қайд этиш амалиёти бу борада муҳим бўлмоқда.

Президент, шунингдек, бугунги кунда ҳар бир ходимдан етарли билимга эга бўлиш, мулоқот ва муомала маданиятини ошириш, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тўғри қарор қабул қилиб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш учун ўз устида тинимсиз ишлаш талаб этилишини таъкидлаб ўтди.

«Барчамиз учун халқимиз ҳаёти энг катта мактаб эканини ҳеч қачон унутмайлик. Шу мактабда билим олиб, тобланиб, эл-юрт манфаатлари учун курашиб яшаш — энг олий саодатдир».

Таъкидланишича, 2023 йилда қабул қилинган «Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси«да айни шундай қоида ва тамойиллар соҳа ходимлари фаолиятининг бош мезони экани қатъий белгилаб қўйилган.

Ички ишлар органлари ходимлари, касб маданияти бўйича янги кодексга мувофиқ, хушмуомала, эътиборли, эҳтиёткор, фуқаролар ва ҳамкасбларига нисбатан бағрикенг бўлиши лозим. Улар фуқароларга қўпол муомалада бўлмаслиги, шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймаслиги керак.

«Ишончим комил, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этадиган ички ишлар органи ходими эл-юрт ўртасида, албатта, муносиб обрў-эътибор топади… Ҳар бир ходим навбатдаги унвонни олиши учун мажбурий тарзда касбий малакасини ошириши, раҳбарлик лавозимига тайинланиши учун Ички ишлар вазирлиги академиясининг бошқарув магистратурасида таҳсил олиши белгиланган ва бундай тажриба ўз ижобий самарасини бермоқда», — деди президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг 80 фоизи электрон шаклга ўтказилиб, тизимда бюрократия ва фуқароларни сарсон қилиш ҳолатлари бартараф этилади.

Ҳар бир фаолият йўналиши бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва жамоатчилик томонидан мониторинг қилиб бориш амалиётини «маҳалла — туман — вилоят — республика» тамойили асосида ташкил этиш чораларини кўришимиз лозим, деди президент.

«Ички ишлар тизимидаги ислоҳотларимизнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезиши шарт», — дея таъкидлади у.