Жаҳон метеорологик ташкилоти (ЖМТ) 2022 йилда қум ва чанг бўронларининг юзага келиш частотаси ва хавфи ҳамда уларнинг жамиятга таъсири бўйича бюллетенини эълон қилди. Ҳужжатда, шунингдек, иқлим ўзгариши қандай қилиб қум ва чанг бўронларининг «қайноқ нуқталари» сонини кўпайтириши мумкинлиги кўриб чиқилди.

ЖМТ маълумотларига кўра, ҳар йили атмосферага тахминан 2000 млн тонна чанг чиқади ва осмонни қоронғилаштириб, минглаб километр узоқликда жойлашган ҳудудларда ҳаво сифатини ёмонлаштиради, шунингдек, иқтисодиёт, экотизим, об-ҳаво ва иқлимга таъсир қилади. «Кўп ҳолларда бу табиий жараён, лекин унинг сезиларли қисми сув ва ер ресурсларини ёмон бошқариш оқибатидир», — дейилади бюллетенда.

ЖМТ 2022 йилда глобал ўртача йиллик чанг концентрацияси 2021 йилга нисбатан бироз юқори бўлганини таъкидлади. Сабаб — Африканинг ғарбий-марказий қисми, Араб ярим ороли, Эрон тоғликлари ва Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидан ташланмалар миқдори ортгани.

Ўтган йили чанг концентрацияси сезиларли даражада юқори бўлган «қайноқ нуқталар» Марказий ва Жанубий Америка, Марказий Африканинг катта қисми, Испания, Қизил денгиз, Араб ярим ороли, Араб денгизи, Эрон тоғликлари, Бенгал кўрфази, Жанубий Осиё, Тарим ҳавзаси ва Атлантика океанининг тропик қисмида аниқланган.

«Қум ва чанг бўронлари соғлиқни сақлаш, транспорт, жумладан, авиация, қуруқлик, автомобиль ва темирйўл транспорти ҳамда қишлоқ хўжалигига таъсир қилади. Бу инсон саломатлиги ва хавфсизлигига, шунингдек, иқтисодга ҳам ўз таъсирини ўтказади», — дея таъкидлаган ЖМТ бош котиби Петтери Таалас.

Сўнгги йилларда рақамли моделлар ва кузатув тизимлари ривожлангани туфайли мониторинг ва прогнозлашнинг аниқлик даражаси яхшиланди, лекин кўпроқ ишларни амалга ошириш керак, айниқса, атроф-муҳит деградацияси ва иқлим ўзгариши шароитида, дейилади ҳужжатда.

«Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг иқлим ўзгариши бўйича ва ЖМТнинг иқлим ҳолати бўйича ҳисоботлари инсон фаолияти қум ва чанг бўронларининг пайдо бўлишига таъсир қилишини кўрсатмоқда. Масалан, ҳароратнинг кўтарилиши, қурғоқчилик ва буғланишнинг кучайиши тупроқ намлигининг пасайишига олиб келади. Бу ердан норационал фойдаланиш билан биргаликда қум ва чанг бўронлари сонининг кўпайишига таъсир қилади», — дейди Таалас.

Шунингдек, бюллетенда иқлим исишининг турли сценарийлари бўйича глобал чанг ташланмаларидаги мумкин бўлган ўзгаришларни баҳолаш бўйича сўнгги тадқиқотлар натижалари ҳақида маълумот берилган. Уч хил сценарий бўйича базавий (2015−2024) ва келажак (2091−2100) йиллар ўртасидаги фарқ шуни кўрсатганки, аср охирида Шарқий Осиёдаги Гоби ва Такламакан чўлларидан Марказий Осиёгача бўлган ҳудудда кучли исиш кузатилиши шароитида чанг ташланмалари сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.