18 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси солиқ органларининг айрим солиқ ҳисоботларини шакллантириши тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу Солиқ кодексининг 81-моддасида назарда тутилган.

2024 йил 1 январдан солиқ органлари тадбиркорларнинг истагига кўра, юридик шахсларнинг қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС), айланма солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисоботларни шакллантириши мумкин бўлади.

Ҳужжатлар автоматик тарзда тайёрланади. Ҳисоботларни тайёрлаш учун ички манбалар (солиқ тўловчининг солиқ ва молиявий ҳисоботлари, электрон ҳисоб-фактуралар, онлайн назорат-касса машиналари, онлайн чеклар ва бошқалар) маълумотлари билан бир қаторда ташқи манбалардан (бошқа давлат органлари тизимлари) ҳам фойдаланилади.

Ҳисобот солиқ тўловчининг шахсий кабинетида акс этади. У ёки унинг ваколатли вакили тузилган ҳисоботнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаши ёки ҳужжатни қайта расмийлаштириб, солиқ органларига тақдим этиши керак бўлади.

2022 йилда бу амалиёт тажриба тариқасида Хоразм вилоятида синаб кўрилган.

Бундан ташқари, савдо квитанцияларини беришда техник хатоларни тузатиш муддати белгиланган. Агар бунга қадар тузатишни кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмасдан киритиш мумкин бўлса, 20 октябрдан бошлаб ҳисобот даврининг охиригача вақт ажратилади.

Август ойи бошида президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир тадбиркорга муаммоларни ҳал этишда кўмаклашувчи солиқ ходими бириктирилишини маълум қилганди. 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобот топширмайди, 2024 йилдан эса кичик бизнес субъектлари электрон ҳисобот тизимига ўтади, деганди у.