Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 160-мактаб ўқитувчилари президентга видеомурожаат қилиб чиқишди. Уларнинг сўзларига кўра, сўнгги бир йил давомида мактабда кўп бора текширувлар ўтказилган ва бу текширувлар ўқитувчиларни чарчатган. Шунингдек, улар мактаб директори ишдан олинганидан ҳам норози.

Мурожаат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди. Муносабатда таъкидланишича, Яккасарой туманидаги 160-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби таълим-тарбия жараёнларига бошқарма мутасаддилари томонидан асоссиз равишда халақит қилинмаган ва ўрганишлар олиб борилмаган. Фуқаро Ф.А.Искандарованинг Тошкент шаҳар прокуратурасига қилган мурожаатларидан сўнг, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассислари жалб этилган ҳолда Яккасарой туман прокуратураси томонидан текширув-тафтиш ҳамда ўрганиш ишлари олиб борилган.

Жумладан, Яккасарой туман прокуратурасининг 2023 йил 21-сентябрдаги 9/09−1/23-сонли «Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида»ги тақдимномасидан сўнг, 160-мактаб директори Ирина Казакова эгаллаб турган вазифасидан озод этилган. Унга кўра, мазкур таълим муассасасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

«Охирги йилларда мактабда таълим-тарбия жараёнлари сифат кўрсаткичи кескин пасайиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим инспекциясининг эълон қилган умумтаълим мактаблари рейтингида ҳам бу ўз тасдиғини топган. Жумладан, 2021 йил якунларига кўра, мактаб рейтинг параметрлари бўйича 160-мактаб республикамиздаги мавжуд 10130 та умумтаълим мактаблари орасида 8067-, шаҳардаги 318 та мактаб ўртасида 233- ва тумандаги 15 та мактаб орасида 12-ўринга тушиб кетганлиги ачинарлидир», — дейилади бошқарма муносабатида.

Бошқарма қайд этишича, 160-мактаб ўқувчиларининг сўнгги уч йилда бирорта на республика ва на халқаро фан олимпиадаларида иштирок ҳам этмаган. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик сони сезиларли даражада кўпайган.

«Мактаб директори И.Казакова томонидан ўқитувчилар ўртасида тартиб-интизомнинг ўта сусайтириб юборилганлиги, таълим муассасасида Қонун ва қонуности ҳужжатларини юритишда жиддий хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, ижро интизомини қўпол равишда бузганлиги текширишлар натижасида аниқланган. Натижада Яккасарой туман прокуратураси берган тақдимнома Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгаши томонидан ўрганилган ва уларнинг хулосасига кўра, мактаб директори И.Казакова ишдан бўшатилганлигини маълум қиламиз», — дейилади бошқарма муносабатида.