20 октябрь куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати конларидан бирининг экскаватор машинисти, меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Жонсаид Турдиев 69 ёшида вафот этди, дея хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Жонсаид Турдиев 1954 йилда Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳридаги 80-автокорхонада ҳайдовчи сифатида бошлаган.

У 1977 йилдан Олмалиқ кон-металлургия комбинати тизимида фаолият кўрсатиб, қарийб ўттиз йил мобайнида «Қолмақир» конида хизмат қилган, кўплаб шогирдлар тайёрлаб, тоғ-кон саноати ривожига катта ҳисса қўшган.

1998 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» олий унвони ҳамда «Олтин юлдуз» медали билан мукофотланган.

Жонсаид Турдиевнинг вафоти муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа бир қатор расмийлар марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.