Вазирлар Маҳкамасининг «Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланишини тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама учун тақдим этилди.

Қарор лойиҳаси транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ҳамда белгиланган оғирлик ва габарит меъёрларига қўйилган талабларни янада кучайтириш, республикадаги барча тоифадаги автомобиль йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичларнинг хизмат кўрсатиш муддатини узайтириш, шунингдек, сақлаш харажатларини қисқартириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Унга кўра, Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқулланади:

  • автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган вазн ва ҳажм параметрлари назорати бўйича стационар шохобчалар (кейинги ўринларда — ўлчов-назорат шохобчалари) ўрнатиш ва ундан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш тизимини жорий этиш;
  • белгиланган юк кўтариш меъёрларига жавоб бермайдиган импорт қилинаётган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситаларини республика ҳудудига олиб кириш ва ҳаракатланишини тақиқлаш;
  • маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини соат 08:00 дан 22:00 га қадар чеклаш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси:

  • ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларини белгилайди ва мазкур жойларни электрон онлайн-аукционлар тизими бўйича ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига белгиланган талаблар асосида бириктиради;
  • тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилади ва улар томонидан ўрнатилган ўлчов-назорат шохобчаларини мунтазам равишда назорат қилиб боради;
  • ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойлар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишилади.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси:

  • умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида белгиланган меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари устидан;
  • белгиланган вақтдан ташқари вақтда маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида оғир юкларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини чеклаш бўйича қатъий назорат ўрнатади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қурилиш-монтаж ишларига лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилишида ва объектларни қурилиш жараёнида қурилиш материалларини ташиш учун қўлланиладиган автотранспорт воситаларини регламент талабларига мос келиши устидан назорат қилади.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли транспорт» маркази, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 январга қадар оғирлик ва габарит назорати билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган, ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятига эга идоралараро электрон ахборот тизимининг ишлаб чиқилиши ва ишга туширилади. Бунда электрон ахборот тизими Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли транспорт» маркази томонидан ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 январдан иссиқ кунларда юк машина ва автопоездларга йўлларда ҳаракатланишига чекловлар киритилади.