Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига ташриф буюрган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига мурожаат йўллади. Унинг матни давлат раҳбарининг матбуот хизматида эълон қилинди.

У ташкилотга аъзо давлат раҳбарларига чуқур ҳурмат-эҳтиром ҳамда Ўзбекистон раислигини қўллаб-қувватлаганлари учун самимий миннатдорчилигини билдирди.

«Туркий давлатлар ташкилотининг жадал ўсиб бораётган салоҳияти ва обрў-эътибори — бу бизнинг дўстлигимиз ва бирдамлигимиз куч-қудратининг ҳамда фақат биргаликда сезиларли ва улкан натижаларга эриша олишимизнинг яққол тасдиғидир. Сўнгги йилда Туркий давлатлар ташкилотида Ўзбекистон раислигида муҳим аҳамиятга молик ва кенг қамровли ишлар амалга оширилди, ҳамкорлигимиз янада кенгайди ҳамда янги юксалиш суръатига эга бўлди», — дейилади хабарда.

Анжуман Ташкилот кун тартибидаги ўта муҳим воқеалардан биридир, чунки ваколатли идораларнинг хавфсизликка қарши замонавий таҳдидларни бартараф қилиш ва мамлакатларни барқарор тараққий эттириш йўлларини излаш бўйича ҳамкорликдаги ишлари алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда. Бундай форматдаги учрашув хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш ҳамда бугунги нотинч дунёдаги умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда жавоблар ишлаб чиқиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилади, дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Шунингдек, президент ўтган йили Анқара шаҳрида ўтган Хавфсизлик кенгашлари котибларининг биринчи йиғилишида эришилган самарали натижаларни юқори баҳолашини маълум қилди.

«Ишончим комилки, туркий тилли мамлакатлар Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасидаги кўп томонлама ҳамкорлик механизми Туркий давлатлар ташкилоти маконида хавфсизлик соҳасидаги мулоқотни мутлақо янги даражага олиб чиқади», — деди президент.

Ушбу йиғилиш халқаро миқёсда мураккаб вазият ҳукм сураётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда. Бугунги кунда жаҳон прогноз қилиш қийин бўлган ва ҳатто олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарадиган фундаментал ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда. Глобал ва минтақавий хавфсизликка қарши таҳдидлар кучаймоқда ва янги хавф-хатарлар вужудга келмоқда. Шу муносабат билан сизлар раҳбарлик қилаётган тузилма ва идораларга алоҳида масъулият юклатилмоқда. Сизлар иштирок этаётган йиғилиш кун тартиби жуда сермазмун, биргаликда қарорлар қабул қилишни ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритишни талаб этадиган муҳим масалалар сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Бугун сизлар терроризм, экстремизм ва ёшларнинг радикаллашуви, кибержиноятчилик, наркотик воситаларнинг тарқалиши, трансчегаравий жиноий гуруҳлар фаолиятига қарши курашишда кучларни бирлаштириш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш билан боғлиқ бўлган кенг кўламдаги долзарб вазифалар юзасидан фикр алмашасиз. Ушбу анжуман мамлакатларимиз ва минтақадаги хавфсизликка нисбатан таҳдидларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш имконини берадиган сермаҳсул фикр алмашувлар ҳамда янги таклиф ва ташаббусларга бой бўлишини тилайман, дейилади табрикда.