16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси очилиш маросимида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюради, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент БМТ тизимидаги ушбу етакчи тузилманинг бош саммити очилишида нутқ сўзлайди.

Ташриф дастури доирасида, шунингдек, ЮНВТО бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашув ўтказиш ҳамда туризм кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.

Маълумот учун, ЮНВТО туризм соҳасидаги етакчи халқаро ташкилот бўлиб, БМТ тизимининг ихтисослашган ҳукуматлараро муассасаси сифатида фаолият юритади. Ташкилот 158 иштирокчи давлат, 6 ассоциациялашган минтақа, кузатувчи мақомига эга бўлган 2 та минтақа ва 500 дан ортиқ бўлинмали ташкилотларни бирлаштиради.

Ўзбекистон 1993 йил 4 октябрдан буён ташкилот аъзоси ҳисобланади. 2021 йил 2 декабрь куни Мадридда бўлиб ўтган Бош ассамблеянинг 24-сессиясида овоз бериш орқали Самарқанд шаҳри Португалия ва Миср мамлакатлари билан рақобатда ғолиб бўлган ва унинг 2023 йилдаги навбатдаги сессияси ўтказиладиган жой этиб сайланган.