«Масофавий назорат» марказида ўтказилган сўнгги масофавий таҳлиллар жараёнида Андижон давлат университетида стипендия тўловлари орқали маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси хабар қилди.

Қайд этилишича, аниқланган шубҳали ҳолатлар жойига чиққан ҳолда текширилганида жами 39,3 млрд сўм нақд пул маблағлари талон-торож қилингани аниқланди.

Жумладан:

  • контракт маблағлари ҳисобидан стипендиясиз шаклда таҳсил олган 8761 нафар талабага 25,1 млрд сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган;
  • талабалар томонидан тўланган 9,3 млрд сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисоб рақамига кирим қилинмаган;
  • талабаларга ҳисобланган 2,7 млрд сўм рағбатлантириш маблағлари тарқатилмасдан, уларнинг имзолари сохталаштирилган;
  • бюджет маблағлари ҳисобидан 2226 нафар талабага битта давр учун икки мартадан 1,1 млрд сўм ортиқча ҳисобланган стипендия ўзлаштирилган;
  • талабалар ётоқхона ижарасидан тушган 911,8 млн сўмлик нақд пуллар университет ҳисоб рақамига кирим қилинмасдан ноқонуний ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид равишда университетга хизмат уйи харид қилиш учун жисмоний шахс билан 2,5 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузиб, шундан 300 млн сўми нотўғри ўтказилган.

Таъкидланишича, аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағлардан 5,1 млрд сўми ундирилиши таъминланди.

Текшириш якуни билан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.