7 окябрь куни Афғонистон ғарбида рўй берган 6,3 магнитудали зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони икки мингдан ошди, дея хабар бермоқда СNN.

«Толибон» ҳаракати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳалок бўлганлар сони 2053 нафарга етгани, жабрланганлар 1240 дан ошгани, 1320 та уй тўлиқ ёки қисман вайрон бўлганини маълум қилди. Рақамлар янада кўпайиши мумкин.

Зилзила маркази Ҳирот вилоятига қутқарув гуруҳлари, шунингдек, озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва кийим-кечак юборилган, дея қўшимча қилган Мужоҳид. Дастлабки зилзила қўшни Бадгис ва Фараҳ вилоятларида ҳам сезилган ва ундан кейин кўплаб афтершоклар кузатилган.

афғонистон, зилзила, тив
Фото: аpnews.com

БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг қайд этишича, ҳозирга қадар ҳодиса оқибатида жами 4200 киши (600 та оила) зарар кўрган. Зилзиладан сўнг омон қолганлар хавфсизлик учун кўчаларда тўпланишмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазият юзасидан баёнот берар экан, кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлиши ва кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келган зилзила ҳақидаги хабар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинганини билдирди.

«Зилзила қурбонларининг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз, афғон халқининг қайғусига шерикмиз ва жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», — дейилади хабарда.

ТИВнинг қайд этишича, Ўзбекистон томони Афғонистон ва унинг халқи билан бугунги оғир дамларда биргадир.