Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча касб-ҳунар таълими муассасаларини яхлит тизим сифатида мувофиқлаштиради. Бу ҳақда 4 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев танишган профессионал таълим ва касб-ҳунар борасида ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

«Жаҳон ҳамжамияти ҳам профессионал таълим ва касб-ҳунарга [эътибор қаратмоқда]. Кўп йиллар давомида биз шу соҳага қайта-қайта қайтяпмиз. Мактабларда 10−11-синфларда касб-ҳунарга ўқитиш, тилларга ўқитиш қандай натижасини беряпти? Мана шу натижалардан сабоқ нима? Техникумларнинг мактаблар билан ҳамоҳанглиги қандай бўлади? Техника районнинг шароитидан келиб чиқиб ўқитиши керак. Ҳоким ёрдамчиларининг таъсири ҳам катта бўлиши керак», — деди президент («Ўзбекистон 24» телеканалидаги интервьюда).

Бугунги кунда ўрта бўғин мутахассислари, асосан, икки йўналишда — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қарашли мономарказларда тайёрланмоқда.

689 та профессионал таълим муассасасида 714 та касб ва мутахассислик ҳамда 20 та «Ишга марҳамат» мономарказида аҳолига 54 та касб ва 6 та хорижий тил ўргатилмоқда.

Ўқувчиларга бир вақтда ҳам ўқиш, ҳам ишлаб даромад топиш имконини берадиган «дуал таълим» шакли жорий этилди. Бу тизим самарасида 2 минг корхона билан биргаликда 6 минг йигит-қиз ўқитилмоқда. Шунингдек, ёшларга 9-синфдан кейин касб-ҳунар мактаби, 11-синфдан эса коллеж ва техникумда турли мутахассисликлар ўргатилмоқда, дейилади ҳисоботда.

бандлик, беҳзод мусаев, профессионал таълим, шавкат мирзиёев

Шу билан бирга, соҳада муайян бўшлиқлар ҳам бор. Айрим таълим дастурлари ҳаёт талаби билан боғланмаган. Профессионал таълим мактаб ўқувчиларини ўзига жалб қила олмаяпти. Оқибатда мавжуд қувватлар тўла ишлатилмаяпти.

Мономарказлар ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти. Битирувчиларга малака разряди бериш жорий этилмагани сабабли улар қўшимча имтиҳон топшираяпти. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан профессионал таълим ўртасида ҳамкорлик йўқ. Чет тилларини ўргатиш ва тасдиқловчи ҳужжат бериш бўйича ишлар етарли эмас, дейилади хабарда.

Ушбу камчиликларни бартараф этиб, касбга ўқитиш сифатини ошириш мақсадида тегишли вазирликлар томонидан янги таклифлар ишлаб чиқилган. Тақдимотда мутасаддилар шу борада атрофлича ахборот берди. Мазкур таклифларда хорижий таълим дастурларини жорий этиш, битирувчилар малакасининг ички ва ташқи бозорда тан олинишини таъминлаш, ўқувчиларни коллеж ва техникумларга кенгроқ жалб этиш, мономарказларда касбга ўқитиш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Давлат раҳбари ушбу таклифларни такомиллаштириш бўйича қўшимча топшириқлар берди. Аҳоли бандлиги энг муҳим масала экани, ёшларга касб-ҳунарларни туманлар ихтисослашувидан ҳамда корхоналар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналишлар бўйича ўргатиш кераклигини таъкидлади.

Келгуси ўқув йилидан ҳар бир вилоятда дунё тан олган дастур асосида касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилади. Уларнинг битирувчилари халқаро малака ва хорижий тил сертификатига эга бўлади. Шунингдек, илғор касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш мезонлари татбиқ этилади.

Мономарказларда касблар иш берувчиларнинг буюртмаси асосида ўқитилади, бу битирувчиларнинг ишга жойлашишида муҳим омил бўлади.

Мутасаддиларга профессионал таълим тизимини ривожлантиришнинг йилма-йил дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг маълум қилишича, президентнинг Германияга ташрифи чоғида немис томони меҳнат бозорида 50 минг автобус ва юк машинаси ҳайдовчисига талаб мавжудлигини айтган. «Ойлик яхши. Лекин улар ўз стандартларига мувофиқ ўқитилиши кераклигини айтишди. Биз мономарказларимиз қошида миграцияга кетадиганларни тайёрлайдиган марказларини ташкил этишга келишиб келдик», — деди у.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов президент томонидан умумтаълим мактабларини техникумлар, техникумларни олий таълим билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берилганини таъкидлади.