Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси ўтган ҳафта Сенатда айрим кассаларда чипта сотиб олишда фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилиниши билан боғлиқ қилинган танқидларга муносабат билдирди.

Компания амалдаги норматив ҳужжатларда авиакассирлардан йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси асосида авиачипталарни расмийлаштиришни талаб қилувчи бандлар мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Uzbekistan Airways Sales филиалида ёки авиакомпания агентларида авиачипта сотуви йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи гувоҳномаларнинг асл нусхалари асосида ҳам, уларнинг фотонусхалари асосида ҳам амалга оширилади. Бундан ташқари, интернет-сайт ва мобил иловаси орқали ҳам чипталар сотилади, бунда йўловчиларнинг маълумотлари тўғридан-тўғри чипта расмийлаштираётган шахс томонидан тизимга киритилади. Киритилган маълумотларнинг тўғрилиги учун «ташувга тўловни амалга ошираётган шахс» жавобгар бўлади, дея қайд этди компания.

Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари учун виза режими жорий этилган узоқ хориж мамлакатларига авиачипталарни сотишда йўловчига ҳамда авиакомпанияга жарима санкциялари қўлланмаслиги учун Uzbekistan Airways Sales филиали авиакассаларида ва авиакомпания агентларидан белгиланган мамлакатнинг амалдаги визаси билан паспорт талаб қилинади.

«Чипта ва паспорт маълумотларидаги ҳар қандай ноаниқликлар ва номувофиқликлар жарималарга ёки кириш учун асос йўқлиги сабабли йўловчини жўнаш мамлакатига қайтариб юборишга олиб келиши мумкин. Шу сабабли, авиачипталарни кассир томонидан расмийлаштиришда ёки онлайн расмийлаштиришда мижоз томонидан йўловчининг белгиланган маълумотлари ва бориш мамлакатининг амалдаги визалари тўғри киритилиши жуда муҳимдир», — дейилади хабарда.

Компания барча агентларга авиачипталарни сотиб олишда йўловчилар ёки уларнинг яқинлари томонидан йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати йўқлиги тўғрисида эслатиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, сенатор Қутбиддин Бурхонов Қўмитага келиб тушган мурожаат асосида Uzbekistan Airways АЖга қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар ҳақида сўзлаганди.

Унинг сўзларига кўра, Uzbekistan Airways акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун Йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинган. 2023 йилнинг 23 июнь куни компания бошқарув раисининг биринчи ўринбосари имзоси билан Сенатга йўллаган жавобида ҳеч бир асоссиз бу муаммони ҳал қилиш имконсиз экани маълум қилинган.