Устюртдаги «Қуйи Шарқий Бердақ» 5 сонли қудуғида бажарилган синаш ишлари натижасида кунлик 1 млн куб метрдан ортиқ табиий газ махсулоти олиш бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда иштирок этган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг январида «Қуйи Шарқий Бердақ» кони ҳудудида ер остини геологик ўрганиш, янги маълумотларни олиш ҳамда қўшимча истиқболли қатламларни аниқлаш, шунингдек, мавжуд углеводород захираларини кўпайтириш мақсадида 5-қудуқни бурғулаш ишлари бошланган. Ўтган давр мобайнида қудуқ 4205 метрга бурғуланиб, очилган истиқболли қатламларда синаш ишлари бажарилди ва юқори босимли табиий газ маҳсулоти олинди.

газ қудуғи, узбекнефтгаз, устюрт

Таъкидланишича, ушбу қудуқ «Ўзбекнефтгаз» компанияси тасарруфига кирувчи ташкилаотларнинг маҳаллий мутахассислари томонидан бурғуланди.

Ҳозирда янги қудуқдан олинган табиий газ маҳсулоти «Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмасига узатилмоқда. У ерда икки босқичли тозалаш жараёнидан ўтган табиий газ истеъмолчиларга етказиб бериш мақсадида тайёр ҳолатда «Ўзтрансгаз» компаниясига етказиб берилмоқда.

газ қудуғи, узбекнефтгаз, устюрт

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2023 йилда Устюрт ҳудудида геология-қидирув ишлари дорасида «Қуйи Кустау» янги майдони бурғулашга киритилди, 20 минг метрдан ортиқ бурғулаш ишлари бажарилди, 4 та янги излов-қидирув қудуқлари қурилиш билан тугатилди. Амалга оширилган ишлар натижасида «Шарқий Арслон» янги газконденсат кони очилиб, табиий газнинг 1 млрд метр куб миқдоридаги янги захиралари аниқланди. 2023 йил якунига қадар яна 3 та янги майдонларни бурғулашга киритиш кўзда тутилган.

газ қудуғи, узбекнефтгаз, устюрт

2023 йилда, шунингдек, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 4−5 млрд куб метр миқдорида табиий газ қазиб олиш режалаштирилган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун йил давомида 64 та геологик-техник тадбирларни амалга ошириш, хусусан, 36 та янги газ қудуғини ишга тушириш, 21 та мавжуд газ қудуғида мураккаб таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳамда 7 та технологик объектни ишга тушириш кўзланган.

газ қудуғи, узбекнефтгаз, устюрт

Бундан ташқари, Устюрт ҳудудининг катта чуқурликдаги қатламларини ўрганиш, уларнинг истиқболларини баҳолаш, янги углеводород захираларини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 24 май куни «Ғарбий Қуйи Сургил» 1-сонли параметрик қудуғини 6500 метр лойиҳавий чуқурликка бурғулаш ишлари бошланди. Ҳозирда ушбу қудуқда 4300 метр чуқурликкача бурғуланди ва ишлар давом этмоқда. Бурғулаш ишларини йил охирига қадар якунлаш режалаштирилмоқда.

газ қудуғи, узбекнефтгаз, устюрт

«Ўзбекнефтгаз» томонидан Устюрт ҳудудининг янги истиқболларини ўзлаштириш, янги захираларни аниқлаш ва қазиб чиқаришни оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом этмоқда.