Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» массивида қурилган кўп қаватли уйлардан бири олдинга оғгани акс этган суратлар тарқалди. Қурилиш вазирлиги тураржой биноларининг бугунги кундаги техник ҳолати ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганини маълум қилди.

бино, чирчиқ

Қайд этилишича, ҳажмий темирбетон панель конструкцияли бино пудратчи «Янги замон бино» МЧЖ томонидан қуриб фойдаланишга топширилган.

Геологик изланишлар хулосасига кўра, ушбу бинода «Чўкувчан ва ўта чўкувчан грунтли ҳудудларда қуриладиган бино ва иншоотлар» тўғрисидаги шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг 9-банди талабларига мувофиқ қурилиш ишлари бажарилган. Бироқ 2022 йил баҳор-куз мавсумидаги ёғингарчиликлар туфайли кўп миқдордаги ёмғир сувлари ирригация тизимларисиз мунтазам равишда бино пойдеворига сизиб кирган ва бино атрофига йиғилиб қолган. Натижада бино остининг асос қисми сувга тўйиниб, бинонинг вертикал сейсмик чоклари лойиҳавий ҳолатидан кўчган.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича «Қишлоққурилишлойиҳа» институти томонидан 2023 йил 14 февралда «Янги замон бино» МЧЖ бош директорига бино остига сув кетишини олдини олиш бўйича ёзма кўрсатма берилган ва геодезия ҳамда муҳандислик изланишлари олиб борилган. Уйлар пойдевори асосининг чўкиши ва унинг намланишини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бажариш учун топширилган бўлсада, пудратчи томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

бино, чирчиқ

Мазкур уйлар динамикасининг салбий томонга ўзгарганлиги сабабли қурувчи ташкилот юзага келган масалаларни бартараф қилиш бўйича лойиҳа ечимлари ва чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни сўраб «Қишлоққурилишлойиҳа» ташкилотига мурожаат қилган ва институт томонидан тегишли лойиҳавий ечимлар ишлаб чиқилган.

Тақдим этилган лойиҳавий ечимларга асосан пудратчи томонидан зудлик билан қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак:

  • Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари 2.02.01−98 нинг «Бино ва иншоотлар асослари» меъёрининг 2.68, 2.69 ва 3.13 бандлари талабларига асосан ҳар 300 мм да қатлам-қатлам грунтнинг мустаҳкамлиги 1.65т/м3 га етгунга қадар шиббалаб қайта кўмиш ишларини бажариш;
  • ШНҚ 2.01.09−97 нинг «Чўкувчан ва ўта чўкувчан грунтли ҳудудларда қуриладиган бино ва иншоотлар» 9-банди талабларига мувофиқ бино периметри бўйлаб эни 2000 мм ва таркибида нометалл арматураси бўлган, қалинлиги 100 мм бетон йўлак (отмостка) ишларини бажариш талаб этилади.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари эса ҳудудда бажарилган ободонлаштириш ва ирригация тизимларига оид ишларни ҳудуд бош режасига асосан қайта кўриб чиқиши ва ёғингарчилик бошланишидан олдин бажариши лозим.

«Мазкур бинолар қурилишига масъуллар ҳамда соҳа экспертлари иштирокида ўтган йиғилишда мавжуд ҳолатни бартараф этиш юзасидан қўшимча таклифлар билдирилди. Улар орасида энг мақбуллари сараланиб, ўн кун муддатда амалий чораларни кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди», — дейилади хабарда.