Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳри маъмурияти 80 фоиз кўчаларда рухсат этилган максимал тезликни соатига 50 кмдан 30 кмгача пасайтиришга қарор қилди. Янги тартиб 8 декабрдан кучга киради, дея хабар берилди шаҳар маъмурияти сайтида.

Янги тезлик чегарасини жорий қилиш бўйича ишлар 2 октябрдан бошланган. Расмийлар янги белгиларни ўрнатиш, ҳайдовчиларни огоҳлантириш билан шуғулланмоқда. Шаҳар сайтида ўзгариш бўладиган кўчаларнинг батафсил харитаси мавжуд.

Тезлик чегараси пасайтирилиши натижасида ҳайдовчиларда йўлдаги воқеаларга реакция қилиш учун вақт кўпроқ бўлади, тормозланиш йўли қисқаради. Булар орқали жиддий йўл-транспорт ҳодисалари сони 20−30 фоизга камайиши кутилмоқда.

«Бундай тезликда пиёданинг ЙТҲдан омон қолиш эҳтимоли 95 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, бизнинг фикримизча, транспорт шовқини икки баравар камаяди. Шаҳар тинчроқ ва кўчада ҳаракатланиш янада ёқимлироқ бўлади», — дейилади хабарда.

Йўлнинг алоҳида ажратилган бўлагида ҳаракатланувчи жамоат транспорти учун тезлик чегараси пасайтирилмайди. Алоҳида бўлак бор йўлларда жамоат транспорти соатига 50 кмгача тезликда ҳаракатланишда давом этиши мумкин ва бундай бўлаклар сони кўпайтирилиши режалаштирилмоқда. Кўчалар босқичма-босқич реконструкция қилиниб, янги тезлик меъёрлари уларни лойиҳалашда инобатга олиниши таъкидланган.

Полиция, тез ёрдам ва ўт ўчирувчилар, фавқулодда вазиятларда тезроқ ҳаракатланиши мумкин бўлади.

«Амстердамдаги барча транспорт оқими муҳим бўлиб қолади. Шаҳарда 30 км/соат тезликни жорий қилишдан олдин ҳам, кейин ҳам. Шунинг учун, биз машинани ҳайдашни қийинлаштирадиган сунъий нотекислик каби нарсаларни имкон қадар камроқ жорий қиламиз. Янги тезлик ўрнатилгандан кейин оқимни яхшилаш учун светофорларни қайта созлаймиз. Тажрибадан биламизки, 30 км/соат тезлик чегараси жорий этилгандан сўнг, ҳайдовчилар учун саёҳат вақти кўпаймайди. Лекин буни аниқ билиш учун аввал янги тезлик жорий этилиши керак», — дейилади хабарда.