Ўзбекистонда аҳолини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа ишга туширилади. Бу ҳақда 29 сентябрь куни «Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тизимини ташкил этиш тўғрисидаги» Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни Lex.uz платформасида эълон қилинган.

Унга кўра, «Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги» доирасида хар йили республикадаги барча маҳаллаларда аҳоли иштирокида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқлари ўтказиб борилади.

Шунингдек, боғча болалари, мактаб, техникум ўқувчилари, олийгоҳ талабалари муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларда, миллий электрон платформа орқали, шунингдек, махсус машғулотлар орқали тайёргарликдан ўтказилади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, шунингдек, қолаверса, ҳарбий хизмат, давлат ташкилотлари раҳбар-ҳодимлари ўқув машқларида тайёргарликдан ўтади. Электрон платформада фуқаролар ихтиёрий равишда масофавий ўқув курсларидан фойдаланишлари мумкин.

Жисмоний имконияти чекланганлар хамда туристларга зилзилада хавфсизликни сақлаш бўйича тегишли қўлланмалар тарқатилади. Радио ва теледастурларда лавҳалар эфирга узатилади. Шунингдек, улар миллий электрон платформа ва махсус мобил иловалардан фойдаланган холда тайёргарликдан ўтказилиши режалаштирилган.

Миллий электрон платформанинг ўқув режа ва дастурларига хар уч йилда бир маротаба ўзгартиришлар киритилади.

Қарорга кўра, миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари фаолиятини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда назорат қилади.

Зилзилага тайёрлаш тадбирлари республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари хамда бошқа ташкилотларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлари хамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Мазкур қарорнинг бажарилишини бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев назорат қилади.