Ўзбекистонда олий таълим бўйича қамров даражаси 42 фоизга етди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа ходимларига юборган табригида маълум қилди.

«Охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳларимиз сонини 77 тадан 212 тага етказишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим ютуғимиздир», — дейилади табрик матнида.

Қайд этилишича, таълим-тарбия соҳасида қабул қилган дастурлар асосида кейинги вақтда 261 та янги ўрта таълим муассасаси қурилган, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилган.

«Бу йил хориждан таклиф этилган 500 нафар чет тили мутахассиси мактабларимизда иш бошлади. Келгуси йилларда уларнинг сонини 3 баробар оширамиз, 10−11-синфларда бир қатор фанларни ўқувчиларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитишни йўлга қўямиз», — дея қайд этилган табрикда.

Таъкидланишича, таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади. Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам такомиллаштирилади.